Ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё!

Ўзим ҳақимда


Исми шарифим Каримберди Тўрамурод.
Отам раҳматлининг исмлари Хушвақт, исмларига мос хушчақчақ инсон эдилар.
Онам раҳматлининг исмлари Офтоб эди. Исмларига мос, офтобдай меҳрли, мурувватли эдилар.
Ота-онамдан Аллоҳ рози бўлсин! Улар ташвишимни кўп кўришди, роҳатимни кўришмади.
Беш ўғил, беш қизли оилада бешинчи ўғил бўлиб, 1960 йилнинг 15-апрелида Самарқанд вилоятининг Ургут туманида, оти Папанин бўлган, эндигилар Дўстлик дейдиган қишлоқда дунёни кўрдим.
Мактаб бордим. Пионер бўлдим, комсомол бўлдим. У ёғига ўтмадим…
Қўшиқ айтишга қизиқдим. Шерали Жўраевни ўзимга устоз тутдим.
Тўйларда кураш тушиб юрдим. Бирда енгиб, бирда енгилиб.
Мактабни тугатгач,Тошкент бордим. Театралний деган институт мени хоҳламади.
1983 йилда Самарқанддаги университетнинг математика факультетини битирдим.
1991 йилда Тошкентдаги маданият институтини ҳам битирдим.
20 йил ўша Папанинда мактабда дарс бердим.
20 йил ўша Папанинда қишлоқ маданият уйида директор бўлдим.
20 йил тўйларда ашула айтдим. Бир-икки телевизорда кўринган бўлдим, аммо ҳаваскорликдан тепага чиқолмадим.
Ёшлигимдан шеър ёзардим. Тоғай Муродга эргашиб, бир-икки ҳикоя ҳам машқ қилгандим. 20 йил ҳаёт мени ёзувчиликка тайёрлабди, энди билсам.
2003 йил газетага ишга таклиф қилишди. Шу билан ижодга шўнғидим.
Тоҳир Маликка эрка шогирд бўлдим. Ўткир Ҳошимовдан дарс олдим. Турсуной Содиқова билан она-боладек, Ҳалима Худойбердиева билан опа-ука бўлдик.
Шундай қилиб, беш-ўнта мухлис орттирдим.
Беш-олти китобим чиққан бўлди.
Ёзган нарсаларим уч-тўртта кино ҳам бўлиб қолди. Машҳурроғи “Жийда гули” бўлди.
Тақдир мени устозлар билан хўп сийлади. Дуоларимда номлари тилга олинадиган устозларим юздан ортди.
Воизликда Ўрта Осиёнинг биринчи рақамли воизи Фозил қори Ёсин қори ўғиллари шогирдим деб фотиҳа бердилар.
Тариқатда бутун ислом оламида мўътабар шайх саналадиган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари пир бўлиб, қўлимдан тутдилар.
2011 йилда узоқ кутган орзуимга етдим – Ҳаж зиёратини адо қилдим! Аллоҳнинг уйида туриб, юртим, юртдошларим, устозларим, яқинларим-у, олисларимнинг ҳаққига дуолар қилдим.
Шаҳарга келганимга 15 йил бўлибди. Аммо ҳали ҳам қишлоқликман. Нуқул қишлоқ ҳаётидан, ҳамқишлоқларим ҳаётидан ҳикоялар ёзаман.
Ўн беш йил деганда ижодимда бир қишлоқ бўй берди. Бу қишлоқнинг оти Жаласой бўлди!
Бу менинг орзуларим қишлоғи. Жаласойда менинг орзуларим яшайди, орзуларим улғаяди. Менинг қалбимдаги инсонлар ўша Жаласойда яшайди.
Сизни ҳам ўз ҳикояларим билан ўша Жаласойга олиб кетаман!
У ерда ажойиб инсонлар яшайди, содда, софдил, баъзида муғамбирроқ, баъзида довдирроқ, баъзида устамон, баъзида Афандинамо…
Уларнинг ҳар биридан бир ибрат оласиз! Бир ҳикмат топасиз!
Мен доимо Жаласойга талпиниб яшайман. Жаласойимни соғиниб яшайман.
Юринг, бугун сизни ҳам Жаласойимга олиб кетаман!

Китобларим
1-китоб. "Гунг қиз"
2-китоб. "Синфдошлари йўқ одам"
3-китоб "Худоёров йигитлари"
4-китоб. "Жийда гули"
5-китоб. "Дилхирож"
6-китоб. "Майда безори қария"
7-китоб. "Онам мени кутади"
8-китоб. "Кечиккан китоб"
9-китоб. "Кутилган китоб"
10-китоб. "Қадр кечаси"
Доимий ҳамкорларимиз