Ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё!

OLYMPUS DIGITAL CAMERA1.

Тошкент нон шаҳри. Шунақа кино ҳам бор эди. Уруш вақтлари ҳам оч қолган одамлар Тошкентга нон излаб келишган. Топишган ҳам. Қадимдан Тошкентга барака ёғилган шаҳар экан-да.

Бугун Тошкент пул шаҳри. Бугун Тошкент доллар шаҳри. Одамлар турли шаҳар ва қишлоқлардан Тошкентга пул излаб келишаяпти. Доллар излаб келишаяпти. Топишаяпти ҳам. Тошкент бугун ҳам барака ёғилиб турган шаҳар-да.

Ҳаракатда баракат дейдилар. Ҳаракат қилган одам пулниям топади, долларниям топади. Айниқса, тошкентликлар яхши ҳаракат қилишади. Яхши топишадиям. Ҳа, тошкентликлар бунга уста. Яна айтаман, тошкентликлар уста.

 

2.

Микроавтобусим бор. Тошкентга қатнайман. Ҳар куни бир бориб келаман. Бизнинг соҳада ҳам рақобат катта. Машина кўп. Баъзан борган куним қайтолмай, эртаси куни қайтаман. Майли-да. Аллоҳ берган ризқига шукур қиламан. Машина ўзимники, ижарага олганим йўқ. “Кунига фалон сўм топишим керак”, деган мажбуриятим бўлмаса. Рўзғорим ўтиб турибди, бўлди-да.

Эҳ-ҳе, кимларни олиб бормадим Тошкентга, кимларни олиб келмадим Тошкентдан.

“Иш излаб келган самарқандлик билан тўлиб кетди-ёв Тошкент?” деб ўйлаб қоламан боришда.

“Тошкентнинг нарсаси билан тўлиб кетди-ёв Самарқанд?” деб ўйлайман келишда.

Майли-да, инсон зоти ташвиш билан тирик экан-да.

 

3.

“Собир Раҳимов”да навбат кутиб турган эдим, иккита тошкентлик киракаш болалар олдимга келишди.

— Ака, иймонли, эътиқодли одамга ўхшайсиз, бир савобли иш бор эди, нима дейсиз? — деди оқ дўппи кийгани.

— Худога шукур, беш вақт намозни ўқиб турибмиз, — дедим. — Айтингчи, қанақа савобли иш экан? Савобдан қочадиган одам эмасмиз.

— Яшанг, ака, бир кўрганимдан билувдим йўқ демаслигингизни, — деди ҳалиги йигит ва шеригига таъкидлади: — Шавкат, айтмовдимми сенга, ана шу одам савобталаб деб?

— Ака, сизнинг Самарқандингизга кетадиган юк бор, — деди Шавкат дегани. — Бирданига айтиб қўя қолайлик, битта тобутни олиб кетасиз. Битта тобут ва бир кишини олиб кетаверасиз. Ўн икки кишининг пулини берамиз. Бу ерда навбат кутиб ўтиргандан кўра пулни олинг-у, шиппиллатиб олиб бориб ташланг, ака?

— Юкингиз қаерда экан? — сўрадим иккиланиб.

— Аэропортда, — деди оқ дўппили йигит. — Йўқ деманг, ака, қолаверса, бир ҳамшаҳарингиз. Россияга ишлаш учун борган экан, ўлдириб кетишибди. Бирга борган қўшниси шу ергача олиб келибди-ю, бу ёғига олиб кетишнинг чорасини тополмай қийналиб турганини кўриб, очиғи, унга ичимиз ачиганидан ёрдам бергимиз келди.

— Бечорани у ёқда роса шилишибди, бир тийинсиз қолибди, — деди Шавкат дегани. — Биз бир юртдошимиз, қолаверса, бир диндош биродаримиз сифатида унга ачинганимиздан холисанлилло ёрдам бергимиз келди, савоб учун.

— Ҳа, савоб учун, савоб учун, — деди оқ дўппили. — Аэропортдан олиб чиқиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ишларини ҳам ўзимизнинг гарданимизга олдик. Аммо сиз текинга олиб боришим керак экан деб ўйламанг, сизни рози қиламиз. Қанча бўлади тўла одам билан кетсангиз?

— Ўн икки кишини оламан, ўн мингдан бир юзу йигирма минг сўм бўлади, — дедим мен. — Аммо сизлар бир мусулмонга деб шунча савоб ишни қилаётган экансизлар, ишдан қолиб шунча елиб-югураётган экансизлар, энди мен ҳам шунча пул берасизлар деб турсам, инсофдан бўлмас?

— Э, яшанг, тушунган одам экансиз, — деди Шавкат дегани. — Савоб деб юрибмиз-да бу дунёда, ака. Биздан нима қолади, савоб ишларимиз қолади-да. Мусулмон одам бир-бирини оғир кунда қўллаб юбормаса унинг мусулмонлиги қаерда қолади? Ўзбекчилигимиз қаерда қолади, ака?

— Майли, “Савоб қилсанг, бутун қил”, дебдилар, — деди оқ дўппилиси. — Етмиш, саксон деб ўтирмаймиз, кетса савоб учун биздан кетсин, тўппа-тўғри қилиб юз минг сўм берамиз, бўладими?

— Майли, нима ҳам дердим, бир биродаримизни деб сизлар шунча пул сарф қилаётган экансизлар, мен ҳам йигирма минг кам олсам олибман-да, — дедим мен. — Сизларнинг савобларингизга шерик бўла қолай.

— Мана, ака, саналган, — деб Шавкат дегани бир боғлам мингталикни олдимга ташлади. — Ҳайданг!

 

4.

Аэропортга боргунча ҳам савобталаб йигитлар ҳақида ўйлаб бордим. Қаранг, танимаган, билмаган одамлари учун шунча куйиб-пишиб юришибди. Яна юз минг сўм харажат ҳам қилишди. Ким билади, тобутни аэропортдан чиқаргунча ҳам анчагина сарф қилишгандир? Биргина юртдошимиз бўлгани учун, ўзбек бўлгани учун, мусулмон бўлгани учун.

“Ҳа, Тошкентга барака ёғилиши бежизга эмас-да, — ўйладим мен. — Тошкентнинг ёш-ёш йигитлари ҳам ўзларини намоз-ниёзга, савобли ишларга уришган. Масжидларини қаранг, масжиларни тўлдириб-тўлдириб ёшлар намоз ўқишади. Мана бу икки азаматни қаранг, савоб учун ишларини ташлаб, пулларини сарфлаб, танимаган одамининг қайғусига шерик бўлиб юришибди. Илоҳим ажрини Аллоҳ таоло зиёда қилиб берсин! Топганларига барака бериб, сарфлаган бирларини минг қилиб қайтарсин!”

Шундай савобталаб йигитлар менга учраганидан, мен ҳам савобга шерик бўлаётганимдан мамнун эдим.

Ҳалиги йигитлар аэропортда ҳам елиб-югуришиб, тобутни ўзлари машинага юклаб қўйишди. Марҳумнинг шериги бўлган кишини ҳам силаб-сийпаб менинг ёнимга ўтқизишгач, “Сафарларингиз бехатар бўлсин, соғ-саломат етиб олинглар!” деб дуо қилиб қолишди.

Уларга қўл силкий-қўл силкий йўлга тушдик.

 

5.

Ҳамсафаримнинг оти Толиб экан. Толиб табиатан камгап эканми, бошига тушган савдолар толиқтирганми, ҳарқалай анча вақтгача жим кетди. Мен унга ҳар замонда зимдан қараб қўйиб-қараб қўйиб, йўл босавердим. Толиб биз Янгийўлга етмасимиздан ухлаб қолди.

Толиб кўзини очганда биз Жиззахдан ўтган эдик.

— Роса ўликдай ухлабман-ку? — деди у келиштириб керишаркан.

Мен орқада келаётган тобутга қараб олдим. Ўлик ҳам ўликдай келаётган эди.

— Бирор жойда тўхтатинг, чой-пой ичиб олайлик, қоринлар ҳам оч қолиб кетди, — деди Толиб юз-кўзларини ишқалаб.

“Кеп қолинг, овқатларнинг зўри бизда”, деб болалар докани силкитиб, кўчага чиқиб турадиган Сангзор ёқасидаги ошхоналардан бирининг олдида тўхтадик.

— Яримтадан шўрва беринг, кейин бир кило яхши пишган тандир кабоббингиздан ҳам олиб келинг, ўзимизнинг овқатларни соғиниб кетди одам, — деди Толиб хизматкор йигитга ва менга ўгирилиб давом этди: — Айбга буюрмайсиз, бир стакан ҳалигидан ҳам буюраман-да.

Мен машинага ишора қилдим:

— Қандай бўларкан, у ёқда шеригингиз… Сиз маст бўлиб кириб борсангиз у ёқдагилар нима деб ўйлашади?

— Бир-икки стаканга маст бўлмайман, — деди Толиб ва хизматкор йигитга буюрди: — Сиз олиб келаверинг! Акамга аччиқ кўк чой олиб келинг!

Хизматкор айтилган ҳамма нарсани олиб келди. Толиб стаканни қўлига олиб деди:

— Икки кундан бери уйидагиларга қандай айтишни ўйлаб тополмай ичаман, кошки маст бўлсам-у, бўладиган кўнгилхираликларни унутсам.

— И-е, ҳали уйидагилар унинг ўлигини олиб келаётганингизни билишмайдими? — ажабландим мен.

— Ўлигини олиб келаётганим тугул унинг ўлганиниям билишмайди, — деди Толиб ароқни ичиб юбориб. — Ўзи борганимизга икки ой бўлган эди. Энди иш топиб, бир ойлик-бир ойлик иш ҳақимизни олган эдик. Баданининг ҳамма ериги Гитлернинг белгисини чизиб олган болалар мотоциклларда келишиб, ҳаммамизни сафга тизишди. “Россия – руслар учун!” деб қичқиришди-ю, бир бошдан калтаклашга тушишди. Бу йигит қўшним бўлади. Ёшлигига борди-да, ёшлигига борди. “Нега қараб турибсизлар, шунча ўзбек беш-олтита қанжиқдан калтак еб ўтирамизми, сол, энангни … ларни”, деб биттасининг жағига тушириб қолди. Ўзбек бир-бирини қўллармиди? Бу бола бир ўзи солишди, қолганлар мўлтайиб қараб туравердик. Уйинг куйгурлар галалашиб унга ёпишишди, темир арматуралар билан уриб, уни кўз олдимизда ўлдиришди. Ўлишидан олдин “Ҳамманг қўйдай ўлиб кетсанг ҳам бир-бирингни қўллама, ўзбек!” деб бизга бақиргани қулоғимдан кетмай қолди. Билмайман, буларни қандай қилиб айтиб бераман ота-онасига?

Толиб хизматкорни чақириб, яна стаканни тўлдириб келишини буюрди…

 

6.

— Тура қолсак бўларди, — дедим мен. — Йўл олис. Боргунимизча алламаҳал бўлиб кетади. Кейин ҳалиги, … буюртмани кўп бериб юбораяпсиз, тошкентлик йигитлар пулингиз йўқлигини айтишувди.

— Пулдан ғам еманг, — деди Толиб ва бир даста юзталик долларларни столга чиқариб қўйди. — Иккаламизнинг ойлигимиз. Бирга борган болаларнинг ҳам ҳар биридан юз доллардан йиғиб олганман.

— Ким билади, тошкентлик болалар “Ҳамшаҳарингизни Россияда роса шилишибди, Тошкентга бир тийинсиз етиб келибди, биз савоб учун ёрдам бераяпмиз, йўл пулини ҳам сизга ўзимиз ёнимиздан бераяпмиз, дейишган эди, — дедим мен ҳайрон бўлиб. — Наҳотки ёлғон гапиришган бўлишса?

— Қанча беришди? — сўради Толиб.

— Юз минг сўм.

— Муттаҳамлар, “Самарқандга кетаётган микроавтобуснинг ҳайдовчиси тўрт юз доллардан камига кўнмаяпти, ҳеч ким ўликни олиб бормайди, бундан камига кўнадиганини тополмайсиз, бу ёқда бошқа харажатлар ҳам бор”, деб мендан беш юз доллар олишганди, — деди Толиб.

— Беш юз доллар?!

Тошкентлик йигитларнинг гап-сўзлари қулоғимда бошқатдан жаранглади: “Биз бир юртдошимиз, қолаверса, бир диндош биродаримиз сифатида унга ачинганимиздан холисанлилло ёрдам бергимиз келди, савоб учун. Ҳа, савоб учун, савоб учун. Аэропортдан олиб чиқиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ишларини ҳам ўз гарданимизга олдик. Аммо сиз текинга олиб боришим керак деб ўйламанг, сизни рози қиламиз. Кетса савоб учун биздан кетсин, юз минг сўм берамиз. Савоб деб юрибмиз-да бу дунёда, ака. Биздан нима қолади, савоб ишларимиз қолади-да. Мусулмон одам бир-бирини оғир кунда қўллаб юбормаса унинг мусулмонлиги қаерда қолади? Ўзбекчилигимиз қаерда қолади, ака?”

— Оббо, савобталаблар-ей! — деб юбордим.

Машинани юргизар эканман, ҳалиги “савобталаблар” берган пулни санаб кўргим келди. “Саналган”, деб берган пуллари ҳақиқатдан ҳам саналган экан, тўппа-тўғри саксон минг сўм!

 

7.

Тошкент пул шаҳри. Тошкент доллар шаҳри.

Одамлар Тошкентга пул излаб келишаяпти, доллар излаб келишаяпти. Топишаяпти ҳам. Тошкент барака ёғилиб турган шаҳар-да.

Ҳаракатда баракат дейдилар. Ҳаракат қилган одам пулниям топади, долларниям. Айниқса, тошкентликлар яхши ҳаракат қилишади. Яхши топишадиям.

Ҳа, тошкентликлар бунга уста.

Янаям айтаман, тошкентликлар уста. Қайтариб ҳам айтаман, тошкентликлар уста. Жуда уста.

 

6 Изоҳ: Савобталаблар

  • Baxtiyor Tursunov айтди:

    Men xam bir marta ko’rgandim shunaqa savobtalab oq do’ppi kiygan odamni.
    Aeraportda Moskvadan borgandim, manzilga olib borish uchun so’mim yo’q rubl beraman qancha bo’ladi dedim, Qo’yliqda bozorni yonida amakim boridi shu ergacha bor ishimni aytdim bir o’zimman dedim.
    100 rubl bering uka bo’ladi savobtalab odamman yoshim 60 da dedi.
    100 rubl o’sha vaqtda 8000 so’m bo’lardi bu narxda unga savob qolmayotgandi o’zi, manzilga etgach 400 rubl bo’ladi men xar bir odamni joyi 100 rubldan degandim deb turib oldi.
    Rosa tortishdik axiri 200 rubl berib qutulgandim.

  • admin айтди:

    Савобталабнинг каттасига сиз тушган экансиз-ку, Бахтиёржон?!

  • Мухаммад айтди:

    Бекорга курук дейишмайди Тошкентликларни барбирам бизда вилоятларда уларга караганда сал булса мехр-окибат бор хозир шу хам секин-аста йуколиб бормокда

  • Мухаммад айтди:

    тошкентликларни дили билан тили хар хил буни мен уз тажрибамдан келиб чиккан холда айтаяпман

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>

Китобларим
1-китоб. "Гунг қиз"
2-китоб. "Синфдошлари йўқ одам"
3-китоб "Худоёров йигитлари"
4-китоб. "Жийда гули"
5-китоб. "Дилхирож"
6-китоб. "Майда безори қария"
7-китоб. "Онам мени кутади"
8-китоб. "Кечиккан китоб"
9-китоб. "Кутилган китоб"
10-китоб. "Қадр кечаси"
Доимий ҳамкорларимиз