Ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё!

Ушбу воқеий ҳикояни Америкадан келиб, умрини ўзбек боксига бағишлаган Сидней Жаксон

ва унинг урушда ҳалок бўлган шогирдлари хотирасига бағишлайман.

1.

− Рингга биринчи Ўзбекистон чемпионатининг финалчилари таклиф этиладилар! Қизил бурчакда Самарқанд бокс мактабининг тарбияланувчиси Ашурали Жабборов! Кўк бурчакда Тошкент бокс мактаби вакили Олимжон Қобилов!

Шаҳар истироҳат боғига ўрнатилган ринг атрофини ўраб олган томошабинлар ҳайқириб юбордилар.

− Яша, Ашурали!

− Кучингни кўрсат, йигит!

Биринчи раундда Ашурали рақибининг уч-тўрт зарба йўллашига қўйиб берди. Олимжон Қобилов ҳам бундан руҳланиб, ҳужумга зўр берди. Аммо иккинчи раундда Ашурали рақибининг кўз очишига ҳам қўймай, иккилик, учлик зарбаларини йўллайверди. Раунд сўнгида у берган зарбадан кейин Олимжон Қобилов рингга қулади. Ўнгача санаган ҳакам унинг жангни давом эттира олмаслигини эълон қилди.

− Жанг ғолиби бўлган Ашурали Жабборов ўз вазн тоифасида Ўзбекистоннинг илк чемпиони, деган унвонни қўлга киритди. Табриклаймиз!

2.

Ашурали июль ойида Москвада ўтадиган СССР чемпионатига борадиган бўлди. Устози Игорь Николаевич бошчилигида чемпионатга жиддий тайёргарлик кўра бошлади. Ашуралидан ташқари яхши натижаларга эришган яна етти боксчи саралаб олинган, мураббий улар билан кунига ўн соат машғулот ўтказар эди. Эрталаб уч соат, тушликдан кейин уч соат, кечқурун, раҳбарлар келиб, томоша қиладиган пайтда эса тўрт соат қаттиқ шуғулланишарди. Раҳбарларнинг талаби билан республика терма жамоасига олинган боксчилар кечқурунлари бошқа боксчилар билан жангларда ҳам иштирок этишарди. Ана шу машғулотларга баъзан республика раҳбарлари ҳам келишарди. Улар Иттифоқ биринчилигида Ўзбекистонлик боксчилар нималарга қодирлигини кўрсатиб келишлари шартлигини такрор-такрор таъкидлашарди.

Дам олиш кунлари Самарқандга бориб келган Ашурали устозининг ҳузурига кирди.

− Сидней Львович, уйдагилар бир қизни менга унаштириб қўйибдилар, − деди Ашурали хижолат бўлиб. – Кейинги ҳафта тўй экан, устозларингни, дўстларингни ҳам олиб кел, дейишди.

− Тўй? – ўрнидан туриб кетди мураббий. – Ўйлаб гапираяпсанми? Икки ҳафтадан кейин Москвага жўнаб кетамиз-ку?

Сидней Жаксон хона бўйлаб у ёқдан бу ёққа асабий бориб келар экан, Ашуралининг рўпарасида тўхтади.

− Ҳеч қанақа тўй-пўй бўлмайди! Менга СССР чемпионлигини олиб берасан, кейин уйланасан, билдингми?

− Билдим, Сидней Львович, аммо…

− Ҳеч қанақа аммо йўқ. Машғулотга марш!

Ашурали Москвага ҳам боролмади, уйланишга ҳам улгурмади. Ҳамма иш чала қолди.

Мамлакатда уруш бошланди.

3.

Немис фашист босқинчилари шунчалик шиддат билан келдиларки, ҳадемай, улар Совет Иттифоқининг каттагина ҳудудини босиб олдилар. Мамлакатда ялпи сафарбарлик эълон қилинди. Спортчилар ҳам бу сафарбарликдан четда қолмади. Спортчиларнинг ўзлари ҳарбий комиссариатга гуруҳ-гуруҳ бўлиб бориб, урушга жўнатишлари ҳақида ариза бердилар.

Ашурали эса ҳарбий эди. Ҳарбий одам уруш шароитида мен спортчиман ёки менинг тўйим бўлиши керак эди, деб ўтирмайди. Ашурали биринчилардан бўлиб, фронтга отланди.

Лейтенант Ашурали Жабборов командир бўлган бўлинма Киев шаҳри яқинида жангга кирди. Уруш жуда аёвсиз борар, кучлар тенг эмасди. Немислар жуда яхши қуролланган, жанговар техникаси ҳам қудратли эди. Совет аскарларига эса, оддий милтиқлар ҳам етишмас, милтиқ топилганда ўқ-дори топилмай қоларди. Қўмондонлик жангчиларни озиқ-овқат билан ҳам етарли таъминлай олмасди. Устма-уст шаҳарлар душманга ташлаб чиқилар, жангчиларнинг руҳи тушиб кетган  эди. Қўмондонлик буйруғи билан Киев ҳам ташлаб чиқилди.

Ашурали Жабборов бошлиқ бўлинма ҳам бошқалар қатори тинимсиз чекиниб борарди. Ана шундай чекинишларнинг бирида Ашуралининг бўлинмаси пистирмага тушиб қолди. Фашистлар уларни ҳар тарафдан ўраб олишди. Ўзларидан тўрт баравар кўп душманлар билан сўнгги ўқлари қолгунча отишган аскарлар охирида қўл жангига ўтишди. Ашурали рўпарсидан келган беш-олти фашистни уриб, нокаут қилди. Афсуски, оёғига келиб теккан ўқ уни қулатди…

4.

Ашурали ҳаммаларини ўрмон ичида қурилган асирлар лагерига олиб келишгандагина бўлинмасидан бор-йўғи тўрт киши омон қолганини билди.

Бир неча кун ичида ҳарбий асирлар лагери асирга олинган совет аскарлари билан тўлиб кетди. Олдин келган асирларнинг кейин келган асирлардан сўрайдиган саволлари деярли бир хил эди: қаердан келгани, қайси шаҳар қўлдан кетгани.

Асирлар орасидаги бир врач оёғидаги ўқни олиб ташлаган, ярасига ҳеч қандай дори, малҳам қўйилмаган, ич кўйлагининг бир қисми билан маҳкам боғлаб қўйилган Ашурали асирлар билан суҳбатлашар, имкон бўлиши билан биргаликда қочишларини айтиб, ҳушёр туришларини тайинлар эди.

Икки марта қочишга уриниб кўришди, афсуски, уддасидан чиқа олишмади. Кўп йигитлар отилиб кетди.

Ашуралини ҳам ҳарбий асирлар учун қурилаётган янги лагерга ўтказишди. Бу ерда эртадан кечгача улар ёғочларни ерга кўмиш, уларга тиконли симларни тортиш билан банд бўлишарди.

Иш пайтида қочиш имконияти кўпроқ бўлади, деб ҳисоблаган Ашурали қочиш режасини туза бошлади. У бир неча йигитларга ишора берилгандан соқчиларга ҳужум қилишни, қолганлар дарё томонга уюшган ҳолда қочишини тайинлади. У қочиш режасини пухта тузиб, ҳаммасини ипидан игнасигача қайта-қайта ўрганиб чиқди. Ҳаммаси кўнглидагидек бўлгач, назорат сал бўшашадиган ишнинг тугаш пайтини қочиш учун энг қулай фурст, деб ҳисоблади. Ҳамма йигитларга тегишли кўрсатмаларни етказган Ашуралини тайинланган вақтдан бир соат олдин бошлиқлар ҳузурига чақиришди.

− Лейтенант, ҳаммасини ҳисобга олибсан-у, мана буни назардан қочирибсан, − деди лагер бошлиғи тиржайиб турган бир аскарни кўрсатиб.

Ашурали қочиш режасини тузганларида доимо маслаҳатлари билан қатнашиб турган аскарни дарров таниди.

− Сотқин! – тишларини ғижирлатди Ашурали.

− Мен тирик қолсам бўлди, − деди аскар. – Сенинг советларинг бизнинг ерларимизни босиб олган, коммунистларинг ота-онамни отиб ташлаган. Сизлар учун зиғирча ичим ачимайди.

− Ҳали шошмай тур, лагерда сени топиб олсам, нима қилишни ўзим биламан, − деди Ашурали.

− Энди лагерда кўришмайсан, сени ҳам, шерикларингини ҳам ўлим лагерига жўнтаман, − деди лагер бошлиғи.

5.

Ашурали фашистларнинг шафқатсизлиги билан ном чиқарган Бухенвальд ўлим лагерига юборилди. Ашурали бу ердан қутулишнинг иложи йўқлигига амин бўлиб, тақдирига тан берди. Аммо бир куни урушда ўз мамлакати ғолиб бўлишига, уларни албатта қутқаришларига Ашурали ишонар эди. Ана шу кунгача яшаши, ўлмаслиги, жаллодларнинг назарига тушиб қолмаслиги керак эди.

Ашурали ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, жаллодлар эътиборига тушди. Уни лагер бошлиқларидан бирининг ҳузурига олиб боришди.

− Сен боксчи экансан, нега буни айтмадинг? Ўзбекистон чемпиони бўлган экансан, сен менинг бокс ишқибози эканимни билмасмидинг? – сўради майор Шульц. – Бу Ўзбекистон дегани қаерда ўзи? Кавказдами?

− Ўзбекистон Ўрта Осиёда, − деди Ашурали. – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива деган шаҳарлари бор.

− О, Тошкентни эшитганман, биз албатта Тошкентни ҳам оламиз, − деди Шульц. – Чемпионлигинг ростми?

− Ҳа, мен боксчиман, Ўзбекистон чемпиони бўлганман, − деди Ашурали. – Сизлар халақит бермаганларингда мамлакат чемпиони ҳам бўлардим.

− О, ажойиб! Мураббийинг ким, таниқли мураббийми? – сўради Шульц.

− Ростдан бокс ишқибози бўлсангиз мураббийимни яхши танийсиз, − деди Ашурали. – У Сидней Жаксон.

− О, Жаксон! Уни Америкадан кетиб қолганини эшитгандим, − деди Шульц. – Сизларда ишладими?

− Ҳа, Жаксон Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийси. Бокс федерацияси раҳбари.

− Жуда яхши, Генрих Ҳайне деган боксчи ҳақида эшитганмисан?

− Албатта, у Германия чемпиони, − деди Ашурали. – Мендан оғир вазнда.

− Бунинг аҳамияти йўқ, − деди майор Шульц. – Сен Генрих Ҳайне билан рингга чиқасан. Кўрамиз, Германиянинг боксчилари зўрмикан ёки Жаксон тарбиялаган Ўзбекистонингнинг боксчиларими?

Майор Шульц телефон рақамларини терди ва кимгадир ҳаяжон билан гапира бошлади:

− Ҳер генерал, сизга битта хушхабар айтмоқчиман. Менда битта бокс бўйича чемпион бор экан. Ўзбекистон деган давлатнинг чемпиони экан. Биласизми, унинг мураббийи ким экан? Жаксон. Ҳа-ҳа, ўша, сиз билган Жаксон. Мен бир ажойиб жанг ўтказишни мўлжаллаб қўйдим. Умид қиламанки, бу сизга манзур бўлади. Уни Генрих Ҳайне билан рингга чиқарамиз. Қани, кўрамиз, кимнинг боксчиси зўр экан, уларникими, Фюреримизникими?

Шульц бироз қулоқ солиб тургач, давом этди:

− Албатта, ҳер генерал, сиз айтган муддатга тайёрлайман. Бўпти, янги йил оқшомига бўлса, янги йил оқшомига-да.

Шульц телефонни қўйгач, Ашуралига юзланди.

− Эшитдингми? 31-декабрда рингга чиқасан. Қўрқиб кетмадингми?

− Пешонада ёзилганини кўраверамиз.

− Менимча, пешонангга “Генрих Ҳайне нокаут қилади, кейин уни майор Шульц отиб ташлайди”, деб ёзилган бўлса керак, − кулди Шульц. – Бор, ихтиёрингда йигирма кун бор, жангга тайёрлан! Бу сен учун Жаҳон чемпионати бўлади. Ҳа, Германия чемпионини енга олсанг, жаҳон чемпиони бўлдим, деявер! Аммо ютқизиб қўйсанг, сени ўзим отиб ташлайман. Генерал гаровга минг марка тикди. Сен ютқизиб қўйсанг, минг маркани мен беришим керак. Айтаман, сенга юз граммдан нон беришади, энди бор!

6.

Ўзбекистон чемпиони немис боксчиси билан, Германия чемпиони билан бокс тушиши, 31 декабрь куни икки мамлакат боксчилари ўртасида ҳаёт-мамот жанги уюштирилиши лагерга бир зумда тарқалди. Ашурали Жабборовнинг жанги икки мамлакат ўртасидаги жангга айланди. Бу хабар барча маҳбусларни Ашуралининг атрофида жипслаштирди. Ҳамма унга хайрихоҳ бўлди.

− Лейтенант, сен шу мусобақада енгсанг, билки, мамлакатимиз Германия устидан ғалаба қозонади! – деди унга яқин келган Демидов деган зобит.

− Энди ўлсанг ҳам фашистни уришинг керак, − деди Сергеев деган бошқа зобит. – Улар бизнинг устимиздан кулишларига йўл қўйма!

− Оғайнилар, энг яхши клубларда машқ қиладиган боқувдаги ҳўкиздек немис боксчисига қарши бизнинг ярадор бўлган, оч ётган, машқ қилишга ҳеч қанақа шароити бўлмаган боксчимиз қандай жанг қилади? – деди кимдир. – Ундан ғалаба талаб қилиш жинниликдан бошқа нарса эмас. Барибир немис енгади.

− Оғзингни юм! Ашуралида бошқа нарса бор. Унда алам бор, ўч олиш иштиёқи бор, қолаверса, орият бор, – ўшқирди Демидов. – Уни жангга ўзимиз тайёрлаймиз.

− Бир бурдадан нон бўлса ҳам Ашуралига берасизлар, янги йил кечасигача у куч тўплаши керак, − деди Сергеев.

− Менга қара, лейтенант, − деди Демидов. – Бир нарсани унутма, фашистлар қанча шаҳар ва қишлоқларимизни вайрон қилди, бутун бошли қишлоқларимизнинг аҳолисини тириклай ёқди, қизларимизни, опа-сингилларимизни зўрлади, кекса ота-оналаримизни таҳқирлади. Биз жанг қила олмаймиз. Бу имконият сенга берилди. Фақатгина сенга. Сен ҳаммамиз учун қасос олишинг керак. Ҳалок бўлган миллионлаб аксарларимиз учун қасос ол!

− Сен енгсанг, биз енгамиз! – деди Сергеев. – Сен енгсанг, ўртоқ Сталин енгади. Енгилишга ҳақинг йўқ!

Ашуралини маҳбуслар “боқишди”.  Ким нон келтирди, ким топса “тушонка”, ким топса консерва келтирди. Кундузи рухсат йўқ, кечалари Ашуралини машқ қилдиришди. Овқатдан ҳам, машқдан ҳам кўра, лагердаги зобитларнинг, айниқса, ҳамюртларнинг далдаси, ишончи унга куч берди, шижоат берди.

− Ашурали ака, ўзбекнинг мушти қанақа бўлишини кўрсатиб қўйинг, бу фашистларга, − деди қўқонлик бир йигит.

− Ака, ғалаба қозонинг, ғалабангиз ҳақида юртимизда қўшиқлар куйлансин! – деди аксакалик бир йигит.

− Мен енгаман! – деди Ашурали мусобақага озгина қолганда. – Мен енгила олмайман!

7.

Ўлим лагери ҳовлисига ринг ўрнатилди. Рингнинг икки томонига немис қўмондонлари учун жой ҳозирланди. Уларга стол-стуллар қўйилиб, немис боксчисининг ғалабасини нишонлаш учун столларга шампан винолари қўйиб қўйилди.

Асирларга ҳам боксни тик туриб бўлса-да, томоша қилишга рухсат беришди.

− Сизларнинг боксчингиз мағлуб бўлишини ўз кўзларинг билан кўришларинг, дунёда ким зўр эканини билиб қўйишларинг учун сизларга ҳам томоша қилишга рухсат бердик! – дейишди лагер бошлиғи.

Кечга томон лагер ҳовлисига зодагонлар, генераллар, уларнинг рафиқалари кириб келишди. Улар ўзларига ажратилган ўринларга жойлашишди. Шундан сўнг бараклардан маҳбуслар ҳам олиб келиниб, ринг атрофига жойлаштирилди. Ниҳоят, ўртага чиққан, ҳакамлик вазифасини бажараётган майор Шульц боксчиларни рингга таклиф қилди:

− Қизил бурчакда Германия чемпиони, Фюрер зобити, обер лейтенант Генрих Ҳайне!

Немислар қордек оппоқ бокс либосида чиқиб келган, келишган қоматли Ҳайнени олқишлар билан кутиб олишди.

− Кўк бурчакда Ўзбекистон чемпиони Ашурали Жабборов!

Немис генераллари ва уларнинг хонимлари маҳбусларнинг кийимида ялангоёқ ҳолда турган, Ҳайненинг ярмича келадиган Ашуралини кўриб, кулиб юбордилар. Асирлар эса, тишларини тишларига қўйганча қарсак чалдилар.

− Бокс!

Жанг бошланди. Ҳайне Ашуралини писанд қилмай, мағрурлик билан рингни айлана бошлади. Бир-икки зарба бергач, “Кўраяпсизларми?” дегандек, томошабинларга кибр билан қараб қўйди. Томошабинлар эса, унинг ҳар бир зарбасини қийқириқлар билан олқишлаб туришарди.

Ашурали унинг жанг олиб бориш усулини ўрганиб олгунча ҳужум қилмай туришга қарор қилди. У рақиб зарбаларига чап берганча, рингнинг у бурчагидан бу бурчагига ўзини олиб қочарди.

Биринчи раунд тугади. Боксчиларга бир дақиқа танаффус берилди. Генрих Ҳайненинг мураббийлари оппоқ сочиқлар билан унинг терларини артганча, кулиб, кўрсатмалар бера боршладилар. Ашурали Жабборовнинг бурчагига қуруқ қўл билан келган Демидов ва Сергеев унга кўрсатмалар беришарди:

− Лейтенант, иккинчи раундда разведка қилиб ўтирма, сол фашистни! – деди Сергеев.

− Шошма, ҳовлиқма, − деди Демидов. – Майли, фриц бироз чарчасин. Балки учинчи раундда ҳужумга ўтарсан.

Иккинчи раундда ҳам Ашурали ҳужумга ўтмади, аммо рақибининг зарбаларини ҳам ўзига етказмади. Зарбалари ҳавога кетаётганини кўрган Генрих асабийлаша бошлади. Энди у чаққонликда Ашурали ўзидан устунлигини кўриб, аччиқ билан бетартиб зарбалар бера бошлади. У Ашуралини ринг бурчагига қисиб бориб, ҳал қилувчи зарбага шайланганда раунд вақти ниҳоясига етди.

Танаффус пайти Ашуралининг бурчагига келган Демидов Ашуралининг қулоғига пичирлади:

− Жабборов, фриц пишди, қара, ҳансираб қолди, энди бошла!

Учинчи раунд бошланди. Ашурали майор Шульцнинг буйруғини эшитиши билан шиддатли ҳужумга ўтди. У гоҳ ўнгдан, гоҳ чапдан аямай зарбалар бера бошлади. Генрих Ҳайне очликда сақланган, бир оёғи оқсаётган ярадор бир боксчи бунча кучни, ғайратни қаердан олаётганига тушунмасди. У зўр бериб, рақиби зарбаларини қайтаришга ҳаракат қилар, аммо биттасини қайтарса, иккитаси келиб, жағига тушарди. Генрих Бир-икки марта Ашуралининг белидан пастига ҳам зарба берди, аммо оғриқ кучли бўлса-да, Ашурали буни сездирмади. Генрих тирсаги билан уриб, қовоғини ёриб юборганида ҳам Ашурали миқ этмади. Қайтанга аниқ зарбалар беришда давом этди.

Шульц ўз боксчиси калтак еётганини кўриб, бир неча марта жангни тўхтатиб, генералга хижолат бўлиб тикилди. Генералнинг имоси билан майор Шульц Ашуралини чеккага тортиб, секингина, аммо дона-дона қилиб гапирди:

− Ўзбек, сен жангда ютқизишинг керак, билиб қўй, яна зарба берсанг, Худо кўрсатмасин, Ҳайнени ютиб қўйсанг, сени аяб ўтирмайман, ўзим отиб ташлайман.

– Кеча ютқизсанг отаман, дегандингиз, бугун ютсанг отаман, деяпсиз, барибир отар экансиз-да! − зўрға табассум қилди Ашурали. – Шундай экан, енгиб ўла қолганим яхши.

− Бокс! – ғазаб билан буйруқ берди майор Шульц.

Ашурали рақибига яна устма-уст зарба йўллади. Унинг муштларидан юзини тўсиб, энгашиб олган Генрих Ҳайне бир дам ҳушёрликни йўқотди. Бундан фойдаланган Ашурали бор кучини тўплаб, апрекот усулида кучли зарба берди.

Генрих Ҳайне немис генераллари ва уларнинг хонимлари кўз ўнгида олдин тикка бўлди, кейин оёқлари ерда узилди, охирида бор бўйи билан гуппиллаб полга ағдарилди.

Немис соқчилари ҳар қанча бостиришга уринмасин, асирларнинг ҳайқириғи кўкни тутди:

− Яша, ўзбек!

− Кимнинг ўрни қаерда эканини кўрсатиб қўйдинг!

Майор Генрих Ҳайне ўрнидан турар деган умидда ўнгача санади. Ҳайне бирор ҳаракат қилмаётганини кўриб, унинг қовоғини очиб қаради. Генрих Ҳайненинг қорачиқлари тепага қараб қотиб қолганини кўриб, ноилож ўзи ишонган Германия чемпиони нокаутга учрагани эълон қилди.

Шульц Ашуралининг қўлини тепага қилар экан, генерал Мюллернинг ўзи томонга юриб келаётганини кўриб, қора терга тушди.

Генерал кармонини олиб, бир даста пулни Шульцга тутди.

− Майор, асирингизни жангга яхши тайёрлабсиз, кўрдик, табриклайман, гаровда сиз ютдингиз, − деди генерал. – Аммо сизни эртага Фюрернинг қабулига ёздириб қўйдим.

Шульц қўлида гаровда ютган пулини тутганча, томошани ташлаб чиқиб кетаётган зодагонларнинг ортидан тикилиб қолди. Эртага Фюрернинг қабулига кириш, бугунги томоша ҳақида ҳисобот бериш нима билан тугашини ўйлар экан, ота-онаси, болалиги, ёшлиги, оиласи, хотини, болалари бир-бир кўзи олдидан ўтди.

− Хонамга олиб киринг!

Майор ёрдамчига шу кўрсатмани бериб, тез-тез юрганча, ўз хонасига қараб кетди.

Ёрдамчиси Ашуралини унинг хонасига олиб кирганда майор Шульц коньяк тўлдирилган қадаҳни сипқормоқда эди.

− Бизни ёлғиз қолдир!

Майор Шульц Ашурали билан ёлғиз қолганидан сўнг яна икки марта қадаҳни тўлдириб-тўлдириб ичди.

− Сен менинг ҳаётимни барбод қилдинг, ўзбек, − деди майор Шульц. – Бугун мени нафақат мансабимдан, лавозимимдан, Фюрер олдидаги мавқеимдан, балки бор-йўғимдан жудо қилдинг!

− Мен боксга тушдим, − деди Ашурали. – Жангни мен эмас, ўртоқ Сталин эмас, сиз ташкил қилган эдингиз.

− Овозингни ўчир! – ёнидан тўппончасини чиқарди майор. – Сен, … сен битга таланиб ётган оч маҳбус қандай қилиб, Германия чемпионини нокаут қилдинг? Қаердан олдинг бу кучни? Менга шуни айт!

− Мен ўзбекман! – деди Ашурали. – Қаердан олганимни айтганим билан тушунмайсиз. Биз, ўзбекларда орият деган нарса бор. Мен ўзбек халқимни деб, оримни, номусимни деб рингга чиқдим. Генрихга ўхшаб, ўзимни кўрсатиб қўйгани чиққаним йўқ. Жангларда ҳалок бўлган минг-минглаб жангчиларнинг қасосини олдим!

− Бас қил!

Кетма-кет икки марта ўқ узилгани эшитган майор Шульцнинг ёрдамчиси ҳовлиқиб хонага кирганда чаккасидан қон сизиб турган майор Шульц эшик олдида ётарди.

Полда эса мағлуб бўлмаган, Германия чемпионини ҳалол жангда енгган, майор Шульц айтганидек, жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Ашурали Жабборов жонсиз ётарди…

4 Изоҳ: Чемпион

  • Nozima айтди:

    Навбатдаги бетакрор мавзудаги ажойиб хикоя! Ижодингизга барака!

  • Karimberdi To`ramurod айтди:

    Бахтиёржон, шу сўзларингизни ўқиб, ўзим ҳам тўлиқ бошқатдан ўқиб чиқдим. Э, зўр ёзиб қўйган эканман! Ўзимга қойил қолдим! Қандай ёзган эканман-а?!
    Ростдан кино қилинса, зўр кино бўлар экан.
    Бир замонлар ҳикоялар ёзганимга бугун ўзим ишонмайман…

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>

Китобларим
1-китоб. "Гунг қиз"
2-китоб. "Синфдошлари йўқ одам"
3-китоб "Худоёров йигитлари"
4-китоб. "Жийда гули"
5-китоб. "Дилхирож"
6-китоб. "Майда безори қария"
7-китоб. "Онам мени кутади"
8-китоб. "Кечиккан китоб"
9-китоб. "Кутилган китоб"
10-китоб. "Қадр кечаси"
Доимий ҳамкорларимиз