Ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё!

Ўлимдан ҳам қўрқмай қўйдим…

“Бир ниманинг илинжида шоири подшоҳини излаган эл бахтсиздир.

Шоирини подшоҳи излаган эл бахтлидир”.

Ҳалима Худойбердиева

Ҳалима опа дунёдан ўтди…

Энди ҳамма хотира ёза бошлайди….

Энди ҳамма ўзини опага яқин бўлганини кўрсатгиси кела бошлайди…

Аммо шошилманглар! Опанинг битта гаплари бор: “22 йил уйда ўтирдим, бир инсон йўқлаб келмади. Ўзим ишга олган қизчалар, мени устоз деган, опа деган, она деган қизчалар тўрт қатор шеъримни босмади. Президент Шавкат Мирзиёев бир эъзозлаб қўйгач, уйимда ҳар куни одам, ҳар куни министрлар, муфтийлар, уламолар. Мен сизларга керак эканман, 22 йил қаерда эдинглар?”

Энди Ёзувчилар уюшмаси таъзиянома бериб ўтирмасин!

Энди “Саодат”чилар хотиралар бериб ўтирмасин!

Энди хотин-қизлар қумитаси юзини юлиб ўтирмасин!

Опа ўтди-кетди! Бир чақиндай! Бир момақалдироқдай!

Опа қадр билмас нотавонлар ичра 17 майдан 17 августгача яшадилар, холос!

Шу ва шу кабилар ҳақида Опа билан бир суҳбат қилган эдик, суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламан.  

− Аввало, Ўзбекистон телевидениеси, “Маданият ва маърифат” каналидаги чиқишингиз, аниқроғи сизнинг ижодингизга бағишланган кўрсатув билан табриклайман!

− Раҳмат! Биласизми, 22 йил деганда телевизорга чиқдим. 22 йил таъбир жоиз бўлса, уйда ўтирдим. 22 йил давомида ўзим ишлаган, ўзим бошқарган таҳририятларга ҳам шеър юборсам, олти ойлаб чиқмай ётди. Олти ой деганда эслатсам, “Опа, қаергадир чап тушибди, шеърларингизни топа олмаяпмиз”, деган чиройли жавобларни эшитдим. 22 йил кичик муддат эмас. Ёшлигим, куч-ғайратга тўлган йилларим ўтиб кетди. Ёшим 70 га етганда телевидение эслаб қолди, аммо энди 22 йил олдинги куч қани, шижоат қани?

− Опа, нега 22 йил? Сабаб нима эди?

− Ўзим ҳам билмайман, нима гуноҳ қилдим экан? Ахир мен Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Хотин-қизлар қумитаси раиси, “Саодат” журнали бош муҳаррири эдим. Ишларим мақталиб турар эди. Отасини қамоққа олишгач, “Вақтинча опани ҳам ишдан олиб турайлик”, дейишди. Отасининг айблари исботланмади ҳам, икки йилда чиқариб ҳам юборишди, аммо “Опани ўрнига қўяйлик энди”, дейишмади. Ёки “Опага бирор ишни тиклиф қилайлик” ҳам дейишмади. “Вақтинча” деганлари бир умрга чўзилиб кетди. Бир марта кўксидан итарилган одам қайтиб кечирилмас эди…

− Сизни бирор газета ё журнал таҳририятига ҳам таклиф этишмадими?

− Икки йил уйдан кўчага ҳам чиқмадим. Биров йўқламади ҳам. Отаси қамоқдан чиққач, раҳматли Тилаб Маҳмудов “Гулистон” журналига ишга таклиф қилди. Мен Тилаб акадан бир умр миннатдорман. Бир нарса ҳеч қачон эсимдан чиқмайди: “Саодат”дек машҳур журналнинг бош муҳаррири “Гулистон”га оддий ходим бўлиб ишга келаётганидан ўксинмасин, деб бир иш қилишибди, таҳририят эшигидан киришим билан “миллион алвон атиргуллар” бошимдан сочилиб кетди. Албатта, мен бундан жуда мамнун бўлдим. Анча йил у ерда ишладим. “Санам” журналида бироз ишлаганимдан сўнг “ХХI аср” газетасига бўлим бошлиғи вазифасига таклиф қилишди.

− Шу йилларда эсингизда қолган энг нохуш таассуротларингиз қайси?

− Энг нохуш таассуротлар қамоқ билан боғлиқ. Қамоқхонада отаси билан учрашгани беш ойда илк бор рухсат беришди. Биринчи борганимда отасини таниёлмай қолганман, озиб-тўзиб, бировларга ўхшаб қолгандилар. Ҳатто оёғидаги туфлилари ҳам катта бўлиб қолган эди… Учрашувларга борсам, кечалари каламушлар “қитир-қитир” қилиб югуриб юрарди, мен бундан қаттиқ қўрқардим. Бир куни тонгда қамоқхона узра ёқимли бир овоз таралди. Раҳматли Муҳриддин Холиқов “Дунё, сен бўлма дарғазаб, сен қоларсан, биз кетармиз”, деган сатрлар билан бошланадиган менинг шеърим билан айтилган қўшиғини куйларди. “Бу тасодифми?” десам, отаси “Шу қўшиқни ҳар тонгда баланд қилиб қўйишади”, деганди. Ўшанда қалбимда бир-бирига тескари ҳислар жўш урганди. Қамоқхонада, отасининг олдида ўтириб ҳам шеърлар ёзганман. Ўқиб бераман, аммо газетага берманг, чунки бу туркум шеърларни ўқисам, ўзим қўрқиб кетаман!

− Майли, қўяверинг, ҳаммаси ўтиб кетди-ку?

− Ўтди-ю, ёмон ўтди-да. Бу 22 йилнинг дарди суяк-суягимдан ўтиб кетди, қай бирини айтай?! Мен юрагимга олмайман, деганим билан бу зарбаларнинг бири бошга ураркан, бири юракка ураркан, бу зарбалар йиғилиб-йиғилиб, иммунитетлар пасайган вақтга келиб, юзага чиқар, ўз оқибатини кўрсатар экан. Керак бўлса, ағдарар экан, тўшакка ҳам михлар экан… Ўтган 22 йилда одамларнинг тусланишларини, турланишларини кўрдим. Бир одамнинг қанчалар ўзгариши мумкинлигини ўз ҳамксабларимдан бири тимсолида кўриб, ҳайратларга тушдим. Майли, шунга ҳам шукур!

− Сизга Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида эътибор қаратибди, деб эшитдик?

− Билмадим, бошимдан ўтган ишларни билганми, билмаганми, билмадим, аммо у киши ҳукумат тепасига келганларидан бери менга мурувват кўрсата бошладилар. Сирдарёда бўлган сайловолди учрашувларида вилоят раҳбарлари “Сиз иштирок этишингиз шарт экан”, деб мени таклиф қилишди. Ўша ерда Шавкат Миромонович аҳволимни сўраб, саломатлигимни суриштирдилар. 22 йил давомида бировнинг остонамни ҳатлаб ўтмаганига кўникиб қолган эдим. Ҳозир ҳар куни йўқловлар бўлиб қолди. Катта-кичик лавозим эгалари, ҳукумат одамлари ҳам йўқлаб турибди, Худога шукур. Ҳатто Муфтий ҳазрат йўқлаб келишлари кўп ғалати. Буларнинг ҳаммасини президентимиз, у кишининг эътиборли туфайли деб биламан.

− Сиз ҳақингиздаги кўрсатув сизни соғинган мухлисларингизга ажойиб совға бўлди. Айниқса, Иброҳим Ғофуровнинг мана бу сўзлари жуда ўринли бўлди: “Ҳалимахонимнинг шеърлари шундай бир такрорланмас сўзлар ва такрорланмас оҳанглар билан ёзилади-ки, биз “Энди бунқа шеър ҳеч қачон ёзилмайди”, деб ўйлаймиз. Аммо кейинги ёзган шеъри бундан ҳам гўзал бўлиб чиқади. Худди шундай, ҳар сафар биз “Энди бундан орттириб шеър ёзиб бўлмайди”, деганимизда бундан ҳам гўзал бўлган юзлаб, минглаб шеърлар ёзаверади. Ҳалима Худойбердиеванинг “Инжулар” деб номланган тўртликлари бор. Улар шунчалик донишмандлик билан ёзилган-ки, беихтиёр уларни Алишер Навоий рубоийларига, Умар Ҳайём рубоийларига қиёс қила бошлайсиз. Улардаги мазмуннинг кчлилиги, мазмун теранлиги одамни ҳайратга солади. Аслида, ҳар бир тўртликни, рубоийни ёзганида шоирлар ўзини ўзи такрорлаб қўйиш хавфи бор. Аммо Ҳалимахоннинг юзлаб рубоий даражасидаги тўртликлари бир-бирини бирор сатрда такрорламайди. Ҳаммаси бир-биридан гўзал ва ҳар бирида улуғ бир мардоналик балқиб туради”.  Келинг, шу ўринда тўртликларингиздан ҳам айримларини ўқиб беринг!

− Мен ҳамиша олдда юрган тақдир тошиман,

Болу заҳар аввал тушар маним ошима.

Кеча қувонч беҳиштида шаҳаншоҳ эдим,

Бугун қайҳғу саҳросида карвонбошиман.

***

Елкам яғир, танбал, сурлар остида,

Эсиз умр… фитна, сирлар остида.

Аллоҳ, мени нечун олов яратдинг,

Қандоқ ёнай кир ёмғирлар остида?

***

Мен-да туркнинг даштларининг эрк шамолиман,

Дашт отидай метин туёқ, бўрон ёллиман.

Мен-да туркнинг боши, кўкси осмон, аёғи –

Узангида кетадиган тик аёлиман!

***

Мени кўкда куйган ой тушунади,

Ўқи хато кетган ёй тушунади,

Учарлар дилимнинг учин ҳам кўрмас,

Ҳолимни ҳолига вой тушунади.

***

Гоҳи туҳмат тошларидан толажакмиз,

Паймонадай тўкилажак, тўлажакмиз.

Лек иймонга аввал замон содиқ эдик,

Замон охир бўлар, содиқ қолажакмиз.

− Кўрсатувда ўзингизга ёққан нуқталар қайсилари бўлди?

− Кўрсатувда 50 йил олдин ёзган бир тўртлигим тилга олинди:

Оқарганда сочлар, эслаймиз,

Сархуш баҳор, куз ўтганини.

Кимларнидир рад этганмиз биз,

Кимлар бизни рад этганини.

Бу шеърни ёзганимда 20 ёшда ҳам эмасдим. Илк китобимга кирган шеърлардан. Энди ким билади, бунақа нарсалар инсоннинг ихтиёридан ташқарида рўй берар экан-да. Бу бир илоҳий нарса бўлса керак. Бўлмаса, ҳали ҳаётда ҳеч нарсани кўрмаган қизнинг ўзига башоратидай “кимларнидир рад этиши, кимлардир рад этиши”ни ёзармиди?

− Кўрсатувда сизни бугунги ўзбек шеъриятининг маликаси дея ҳақли равишда эътироф этишди. Ҳатто сизни ўзбек шеъриятининг қироличаси ҳам дейишди. Бу таърифларга ўзингизнинг муносбатингиз қандай?

− Инсон ўз мақсадига оёғи билан эмас, юраги билан етиб боради. Эътироф қилинаётган мартабага келсак, бу кўрсатув иштирокчилари томонидан муболаға қилинди, деб ўйлайман. Сабаби биздан олдин ҳам забардаст шоир ва шоиралар бўлганидек, бизнинг ортимиздан ҳам жуда сўзга чечан шоирлар, шоиралар шеърият майдонига кириб келишаяпти. Қолаверса, бўлиб ўтган ишлардан кейин бунақа таъриф ва эътирофларни ортиқча ҳис-ҳаяжонсиз қабул қиладиган бўлиб қолганман. Ёшлигимда айтишса, балки ҳаяжонланармидим…

− Кўрсатувда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг сизнинг ижодига оид айтилган фикри ҳам эсланди: “Ҳалиманинг шоир қалби таранг тортилган торга ўхшайди. Ҳаётда бўлиб ўтаётган ҳар бир воқеълик унинг юрагида акс-садо беради”. Бугун кўнгил торларингизни нималар чертади?

− Ўтган йил биз учун жуда оғир келди, яқин орада жуда катта тоғларимиз дунёдан ўтди. Аввал ойдин шеърларини олтинларга бергусиз Эркин Воҳидов, кейин Абдулла Орипов ўтдилар. Яқингинада севимли опам Турсуной Содиқова дунёдан ўтдилар. Буларнинг ҳар бири адабиётнинг жуда катта тоғлари эдилар. Жойлари жаннатда бўлсин! Абдулла аканинг ҳалиги таърифларига келсак, бу сўзни айтганларида Ўш-Ўзган фожеасидан кейин ёзган туркум шеърпларимга нисбат берган бўлсалар керак. Бизга йиғилишда шу фожеа асоратлари кўрсатилди ва мен ўша куниёқ бу фожеага муносабатимни билдириб, бир туркум шеърлар ёздим. Эртасига бу шеърларни эшитган Абдулла ака мендаги ҳозиржавобликни, бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатимни тез билдириб, ижод қилишимни олқишлаган эдилар. Шу туфайли ўша сўзларни айтган бўлишлари мумкин. Аслида, ижодкоргина эмас, ҳар қандай онгли инсон атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдирмаса, улар инсоннинг қалбида акс-садо бермаса, бу инсонликдан эмас.

− Сизнинг издошларингиз, шогирдларингиз кўп. Кўрсатувда шогирдларингиздан Гулжамол Асқарова жуда оташин сўзларни айтди. “Мен дунёга келиб, энг аввал онамни, сўнг Ҳалима опамни таниганман. Болалигимдан “Мен Тошкентга, Ҳалима Худойбердиеванинг олдига бораман, мен Ҳалима Худойбердиевани кўришим керак!” деган даъво билан улғайганман. Мен ҳали ўн ёшимда Ҳалима Худойбердиеванинг қишлоғимизга етиб борган барча шеърларини ёддан билардим”, деди. Сизга шундай деган экан: “Биринчи Сўзни яхши кўрдим, кейин Сизни яхши кўрдим”.  У сизга бўлган меҳрини тўрт қатор шеъри билан изҳор қилди: Кўксимда ғам тошин кўтарсам, Киприкда кўз ёшин кўтарсам. Ўн саккиз минг олам бузулгай, Пойингиздан бошим кўтарсам.

− Гулжамол садоқатли шогирдларимдан, Худога шукур, бундай шогирдларим оз эмас.

− Адабий танқидчи Қозоқбой Йўлдошев сиз ҳақингизда “У жўн нарсаларни, жўн ҳолатларни, жўн туйғуларни қофияга соладиган шоира эмас. У юраги ёрилиб кетадиган ҳолатга тушгандан кейингина қаламга қўл узатадиган шоира. Шунинг учун ҳам унинг ёзганларидан момақалдироқнинг гулдуроси, жуда катта исённинг оҳанги сезилиб туради”, деди. “Сен сўрама, мен ҳам айтмайин”, деб бошланадиган шеърингизни эслатиб, “Ундаги даъвонинг ўзи йирик, унда ўзбек аёлининг, ўзбек шоирасининг фожеаси, алами 12 сатрга шунақа маҳорат билан жойлаб қўйилган-ки, буни усталик билан қилиб бўлмайди, буни дардлари юрагидан қон бўлиб оққан одамгина қила олади, бунақа ҳодиса жаҳон шеъриятида ҳам доим учрайвермайди”, деди. Шу шеърингизни ўқиб берсангиз!  

− Қозоқбой Йўлдошевнинг ижодим ҳақидаги фикрлари кўп эди, кўрсатувга сиғмади, мен уларни “Танланган асарларим”га киритдим. Ўша ерда тўлиқ ўқийсиз. Энди ўша шеърни ўқиб берсам.

Сен сўрама, мен ҳам айтмайин,

Курагимнинг синганини қарс.

Шовқин солма, мен уйғотмайин,

Юрагимда ётар бир йўлбарс.

Баланд бир ўт ёнган ичимни

Мен совутиб яшашим керак.

Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,

Мен овутиб яшашим керак.

Аёл ўтиб борар… шўх юриб,

Шамолларда соч ёйган аёл.

Ич-ичидан йўлбарс ўкириб,

Сиртдан майин жилмайган аёл…

− Демак “Танланган асарлар” тўпламингиз чоп этилар экан-да?

− Ҳа, Ғофур Ғулом номидаги нашриёт “Танланган асарлари”мни чоп этишга тайёрлашаяпти. Иккита томи тайёр бўлибди. Менимча, яна саккизтача том бўлса керак. Уларга насрдаги асарларимни ҳам киритмоқчиман. Яна бир янгилик, “Фаввора-фильм” деган студия менинг аудиокитобимни тайёрлашмоқчи. Шеърларимни ўзим ўқиб беришимни сўрашаяпти. Озгина саломатлигим тикланса, шу ишни бошлаймиз, деб турибман.

− Кўрсатувда сизнинг сира танқидга учрамаганингиз қайд этилди. Қозоқбой Йўлдошев “Опани яхши кўрганимиздан бизга хатоси кўринмаган ҳам” деди. Ростдан ҳам шундайми?

− Шу савол берилганда ичимда ўйлаб ўтирдим, бирор жойда бирор марта танқид қилинган эканманми, деб. Аммо ростдан ҳам умримда мени бирор киши танқид қилмаган экан, Худога шукур.

− Президентимизнинг китобхонликка оид фармонини сиз қандай кутиб олдингиз?

− Бу жуда катта савоб иш бўлди. Халқни илмли қилишга уриниш бу. Фарзандларимиз китобдан узоқлашиб қолган эди. Аслида, китоб энг яхши дўст. Ҳар қандай дўстингиз сизни ташлаб кетиши мумкин, аммо китоб ташлаб кетмайди.А.С.Пушкин ўлими олдидан жавонда турган китобларига термулиб, “Хайр, менинг дўстларим!” деган экан. Китоб одамни оёққа турғизади. Қаддини тиклайди.

− Ҳалима опа, муштарийларимиздан ҳам сизга кўплаб саволлар келган, шу саволларга ҳам жавоб берсангиз. Мана бир савол, сизга ҳаётингизни бошқатдан бошлаш имкони берилса, нималарни ўзгартирган бўлар эдингиз?

− Куни кеча “Қайта бошлаш” деган шеър ёзган эдим: Кўриб қолсанг, яқин келиб қолган ўлимни, Иккиланмай, қайта бошдан бошла йўлингни деб бошланади бу шеърим. Саволингизга келсак, менга қолса, қалбимиздагиларни, ёзганларимизни тескари тушунадиган одамларни ўзгартиришни Худодан сўраган бўлардим. Ўзим эса қўлимдан келган ишни қилган бўлардим. Айтиш мумкин бўлган сўзларни айтардим. Қолгани нима бўлса бўлар. Агар ҳаёт қайтадан берилса, албатта, яна шеър ёзардим, фақат ҳозиргидан кўра серғайратроқ бўлардим.

− Ҳалима Худойбердиеванинг иш тартиби қанақа? У қачон ёзади?

− Мен бир ишламай юрсам, ойлаб ишламасдан юришим мумкин. Аммо бир ишга ўтирсам, бир кечада ўнта, ўн иккита ҳам шеър ёзиб қўяман. Ҳаммаси ҳар хил мавзуда бўлади. Лекин ўша “бир кеча” деганим беш-олти кунга чўзилиб кетиши, яъни илҳом парилари тарк этмай, беш-олти кун тинмасдан ёзишим ҳам мумкин. Ҳар куни ишламайман. Ҳар куни ишласа, одам майдалашим билан кетади, деб ўйлайман. Асосан, кечаси ишлайман. Кечаси одам худди Худо билан ёлғиз, юзма-юз қолгандек бўлади. Ана шунда қаердан келганини ўзим билмай қоладиган сатрлар келиб қолади. Эртасига ўзим ҳайрон бўлиб юраман, манови сатрлар қаердан келди, шуни мен ёздимми, деб. Энг қизиғи, деярли барча шеърларим бир ўтиришда ёзилган ва деярли бирор шеъримнинг устида қайта ишламаганман.

− Оилангиз, фарзандларингиз билан қизиқувчи муштарийларимиз кўп?

− Худо менга бир-биридан ширин бешта фарзанд берди. Мана, сиз ҳам бехабар экансиз, яшириб ўтирмайман, катта ўғлим Улуғбек биринчи оиламдан. Мен уни ёмонламайман, жуда ҳалим одам эди. Аммо онасининг шарти бор эди: ўқиса, келин қилмайман! Мен эса ўқишни танладим, келин бўлмадим. Мени жуда эрта турмушга беришган эди. Йигирма ёшимда битта фарзандим бор эди. Ўшанда вилоятимизга борган юрт эгаси Шароф Рашидов вилоят газетасида бир саҳифа қилиб босилган шеърларимни ўқиб, “Шу қизни топинглар, у албатта ўқиши керак”, деган эканлар. Ш.Рашидовнинг тавсияси билан мени, бир боласи билан ажрашиб келган аёлни университетга ўқишга олишган. Кейинчалик Москвадаги олий адабиёт курсида ҳам ўқидим. Шунда ўзи асли ўзимиз тарафдан, бир қишлоқ нарида ўсган боёвутлик йигит Мавлон ака билан танишиб қолганман ва бу оиламдан ҳам икки ўғил, икки қиз кўрдим. Болаларим ота-онага ҳам, бир-бирига ҳам жуда меҳрибон. Ўзи бергувчи, Ўзи олгувчи экан, ўртанча ўғлим Умиджон икки-уч йил олдин 38 ёшда … кетиб қолди. Иккита қизи қолган. Олтинчи ва иккинчи синфда ўқийдиган иккала қизи ҳам шеър машқ қилади. Каттаси Мадинабонунинг шеърлари газета-журналларда ҳам чоп этилиб турибди. Оиламизда ҳамма ишларни Умиджон бошқарар эди. Тўй, маъракаларни у ташкиллаштирар эди. Афсус, ерга битган экан. Унга бир нима ёзишим қийин, аммо куни кеча тўрт қатор нарса ёзгандим:

Бу ер, бу тупроқда азиз жон ётар,

Қирққа ҳам кирмаган порлоқ шон ётар.

Етти авлодини қўллагувчи зот –

Умидбек аталмиш паҳлавон ётар…

− Бошқа фарзандларингиз ҳақида ҳам гапириб беринг!

− Катта ўғлим Улуғбек божхонада ишлайди. У алоҳида туради. Кичкина ўғлим Мирзо Ғолиб билан турамиз. У бир ишлаб чиқариш фирмасида бошқарувчи бўлиб ишлайди. Катта қизим Моҳигул оиласи билан Америкада яшайди. У ерда жуда узоқ ўқиб, врач бўлди. Кичик қизим Камола халқ хўжалиги институтини ва магистратурасини ҳам битирди. Болалари ёшлиги учун ҳозир уларнинг тарбияси билан банд.

− Муштарийларимиз нимадан қўрқишингизни сўрашибди?

− Олдин ўлимдан қўрқардим, ўғлимнинг ўлимидан кейин ўлимдан ҳам қўрқмай қўйдим. Энди ҳеч нарсадан қўрқмайман. (Илова қилинаётган сурат 2005 йилда олинган. Устозлар билан бирга марҳум шоир Маъруф Жалил қабрини зиёрат қилган эдик. Ҳалима опа шоирнинг қабрига гул қўйган, у ҳақида кўп яхши гапларни айтган эдилар…)

 

− “Шеърият маликаси”нинг омад сирлари нимада?

− Ҳар қандай омаднинг замирида меҳнат ётади. Мен “Шу бугун ишлайман!” деб ўтираман ва бир нима ёзилади. Мана шу омад. Кайфиятим йўқ, деб ўзимни мажбурлаб, ёзув стоимга ўтирмасам, ўша омад бўлмас эди-да. Демак, менга келган омаднинг сири меҳнатда. Мен ишлашга ўтирганимда қаттиқ ишлайман.

− Ҳаётингиздаги энг унутилмас лаҳзалар қайсилари?

− Унақа лаҳзалар жуда кўп. Албатта, уларнинг энг аввалгилари фарзандларнинг туғилиши. Қолаверса, ҳаётингизда сиз кутган инсонни Аллоҳ сизга рўба-рў қилиши. Унутилмас лаҳзаларнинг ҳам айримлари шодлик билан, айримлари қайғу билан ёдда муҳрланар экан. Масалан, онамнинг дунёдан ўтиши. Мен ўз онамдан икки ёшимда ажраганман. Мени холам катта қилган. У кишини онам деб улғайдим. Ўша онам 83 ёшда оламдан ўтдилар. Қаршигул Хонназар қизи мени ўз болаларидан ортиқ қилиб катта қилдилар. Онамга деб ёзган шеърларим ҳам ўша зотга аталган. Москвада ўқиганимда унутилмас лаҳзалар кўп бўлди. Ўша ерда жаҳонда танилган адиблар билан учрашганман. Мустай Карим, Чингиз Айтматовлар бизга дарс ўтган эдилар.

− Эндигина адабиётга кириб келаётган ёшларга ўз ижодларида нималарни тажриба қилиб кўришларини маслаҳат берган бўлар эдингиз?

− Энг катта тавсиям шу: аввало китобга меҳр қўйсинлар! Китобдан бир нима топган одам атрофдан ҳам бир нима топа олади. Китобга меҳр қўйган одамгина атрофдаги нарса, ҳодисаларда бошқалар илғамаган нарсаларни илғай олади. Ўқишни ва табиатни кузатишни тажриба қилсинлар. Чунки ижодкорда кузатувчанлик бўлиши шарт. Бўлмаса, Ҳожибой қизиқ кўрган қарғани, лайлакни бошқалар кўрмаганмиди?

− Сиз севган ибратли ҳикмат қайси?

− Ҳаётда мен амал қиладиган ибратли ҳикматлар кўп. Аммо доим амал қиладиган бир ҳикматим бор: Ҳар қандай ҳолатда олдинга интилиш! Одам бир марта ортга қадам қўйса, бутунлай орқага кетиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун доим олға интилиш керак.

− Сизнинг назарингизда инсон учун энг катта бахтсизлик нима?

− Энг катта бахтсизлик – ҳеч кимсиз қолиш! Аниқроқ айтсам, инсон ўзини ҳеч кимга кераксиз деб ҳис қилишидан ортиқ бахтсизлик йўқ! Ана шунда одамнинг ичида уни кўтариб турадиган нарса қолмайди. Инсоннинг яшагиси келмай қолади. Афсуски, бу ҳислар бизга ўгай эмас…

− Сизни бугун ҳақли равишда ўзбек шеъриятининг маликаси, қироличаси, деб аташади. Айтингчи, машҳурлик сизни қанчалар ўзгартирди? Бу машҳурлик сизни нималардан эҳтиёт бўлишга ўргатди?

− Аввало, машҳурлик мени заррача ўзгартиргани йўқ. Малика ё қиролича бўлганимни ҳам кўп сезганим йўқ. Аммо таниқли бўлиш эҳтиёт бўлишга ўргатган нарсалар бор. Машҳур бўлсангиз, қариндошингиз ҳам, таниш-билишингиз ҳам, ёру-дўстингиз ҳам, эшигингизни тақиллатиб келувчилар ҳам, арзийдиган ва арзимайдиган масалаларда ёрдам сўраб келувчилар ҳам кўпаяди. Сени йўқлаб келувчиларнинг ичида эса ғараз ниятдагилар ҳам оз бўлмайди. Одамларнинг ҳаммасига ишониб бўлмайди. Танилган одам ана шундан эҳтиёт бўлиши керак экан. Одамлар билан муносабатда масофани, меъёрни сақлаш керак экан…

− Ҳаётингизда, ижодий фаолиятингизда ўз принципларингиздан воз кечган пайтларингиз ҳам бўлганми?

− Йўқ. Ҳеч қачон!

− Мавлон ака билан қандай танишгансиз?

− Ўзи у киши билан ораси уч чақирим бўлган қишлоқларда туғилганмиз. Аммо мен университетни, у киши халқ хўжалиги институтини битиргунларича бир-биримизни танимаган эканмиз. Бир домламизнинг туғилган кунида илк бор кўришдик. Шу даврада Фармон исмли бир шоир йигит менга бир-икки ҳазил аралаш гапирганди, Мавлон акангиз у шоирни ташқарига имлаб чиқди. Кейин бундай деган эдилар: “Шоирни бир-икки мушт туширмасам, бўлмади”. Шу билан танишдик. Ришталар боғланди…

− Ўзингиз учун оғир дамлардан қандай чиқиб кетасиз?

− Бундай дамлар, Худога шукур, бизда оз бўлмади. Аммо бу синовлардан ўтиш фақатгина Аллоҳдан. Аллоҳ бизга шунга яраша матонат, сабр-бардош берди-ки, улардан ўтиб келаяпман. Мен ўзимни жуда қақшатиб юборган одамни ҳам Худога соламан, холос,  у билан курашиб юрмайман.

− “Сен бир тоғсан, арслонлари, қулунлари меники…” деб бошланадиган шеърингизнинг яратилиш тарихини айтиб бера оласизми?

− Унинг алоҳида тарихи йўқ. Аммо Москвада ўқиб юрган кезларим ёзганман ва унда юрт соғинчи ҳам, ёр соғинчи ҳам бор, энг муҳими, ёрни қизғаниш бор. Ёрнинг ҳатто кулини ҳам бировга бермаслик даъвоси бор унда:

“Ялинаман, мен ўчгунча сен ўчмай тур, ўчмагин,

Агар ўчсанг, совуб қолган кулингни ҳам бермасман”.

Шу шеъримни отаси яхши кўрадилар ва болаларга кўпинча шу мисрага ишора қилиб, “Оналаринг менинг кулимни ҳам бировга бермайди”, дейдилар.

− Ҳалима опа, ўзингиз кимларни ўқийсиз? Айни кунда кимларнинг ижодини ўқияпсиз?

− Айни кунларда ичим куйиб, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг китобларини бошқатдан ўқияпман. Бошқаларнинг бу устозлар ҳақида ёзганларини ўқияпман. Хуршид Даврон яхши ёзибди. Усмон яхши ёзибди. “Тобути ҳам курра бўйлаб учди…” дебди Усмон, Абдулла аканинг тобути Америкадан олиб келинганига ишора қилиб. Уларнинг ёзганларини йиғлаб ўқидим. Луқмон Бўрихоннинг ёзганларини ўқидим, анча яхши…

− “Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор…”

− Ҳа, аёл зоти борки, унга таъна тошлари отилади. Бундан мен ҳам мустасно эмасман. Бошқаларникидан кўпроқ менинг баданимдаги тошлар изи. Ахир мени умр бўйи ҳамма бирдек тушунмади-да…

− “Ҳалима Худойбердиева Ўш, Ўзган фожеаси содир бўлган кунларда Туркистоннинг онаси қиёфасида майдонга чиқди, − дейди Қозоқбой Йўлдошев. − У бир Она йўлбарс, Она арслон қиёфасида чиқди ва болаларига ўкирди: “Эй, болаларим! Нима қилаяпсизлар? Нега бир-бирингизга елкадош бўлишнинг ўрнига бир-бирингизни еяпсизлар?!” Бунақа йирик туйғулар билан дунёга келган шеърият узоқ яшашга маҳкум!” Ҳа, юрагида арслонлар яшаётган Ҳалима Худойбердиеванинг шеърияти, ижоди абадийликка дахлдор ижод.  Сизга ана шу қадри абадликни тилаб, суҳбатимизни якунлайман. Бахтимизга соғ бўлинг! Халқимиз сиздан янги-янги шеърларни кутади.

− Раҳмат! Саломат бўлсам, ёзишдан тўхтамайман! Зеро, ёзадиган кунлар келди!

Каримберди Тўрамурод суҳбатлашди

Шоира президент Ш.Мирзиёевдан беҳад миннатдор эдилар. Президент Опанинг 70 ёшларида “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотлаганида ял-ял ёниб кетган эдилар, гарчи, саломатликлари яхши бўлмаса-да. Янги китобларига тартиб бераётган эдилар, инша Аллоҳ “Танланган асарлар”ини яқин орада қўлимизга олсак керак.

Опамиз, барча ўзбек аёлларининг Опаси, устозимиз Ҳалима Худойбердиеванинг жойлари жаннатдан бўлсин! Ёзган ашъорлари дастгири охират бўлиб, жаннатга киришларига сабаб бўлсин! Биз Опани умримиз охиригача унутмаймиз!

Ҳа, айтганча, биз Опани президент эъзозлаб қўйгандан кейин эътибор қилганлардан эмасмиз. Опа билан ҳамиша бирга бўлганлардан, Опани «Маҳорат мактаби»мизга таклиф қилиб, ёшларга маҳорат дарсларини ташкил қилган, китобларининг чоп этилишига ҳисса қўшган, Турсуной опа билан иккалаларини «ўзимизники» қилиб олганларданмиз. Опа доимо буни мамнуният билан эътироф этар, «Сизлар ўзимникисизлар, Каримберди, сиз яхши кўрган укамсиз», дердилар…

(Бу поезд Опани Тошкентга олиб кетган эди. Бугунги «поезд» Опани биздан Ҳаққа олиб кетади…)

 

4 Изоҳ: «Ўлимдан ҳам қўрқмай қўйдим…»

  • Оқилжон Нажмиддинов айтди:

    Оқарганда сочлар, эслаймиз,
    Сархуш баҳор, куз ўтганини.
    Кимларнидир рад этганмиз биз,
    Кимлар бизни рад этганини.

    Шу шеъри жуда ёқди, Аллоҳ рахмат қилсин.
    Сизга алоҳида ташаккур.

  • Feruza Bonu айтди:

    Juda samimiy va dardli suhbat bolgan ekan oqib mazza qildim, ustoz Kecirasiz avval oqib fikr bildirmaganim ucun uyatdaman.Ustoz şogird munosabatlari haqida gap ketganda togridan togri şogirdlik davo qilisga haqqim bor deb oylayman…Ammo munosib sogird bola oldimmi bu menga qorongu…Nima bolgandayam hec kim bilmasada menga bergan saboq va ogitlaringizni, yol korsatganlaringizni men bilaman etirof etaman va su kisining ilk şogirdlaridan biriman deb icimda maqtana olaman.Buni hec kimga baralla jar solisimning keragi yoq.alloh sizni fozi qollab quvvatlasin doimo zamona zayli derkan duc kelgan va kelayotgan tosiqlardasizga ozi madadkor bolsin.Hec qacon haq yolidagi maslagingiz yolidagi sijoatingiz sizni tark etmasin, kuc quvvat bersin.Sog boling USTOZ!!!

  • Jumagul Suvonova айтди:

    Uning ruhi samolarga uchdi xolos,
    Jismu joni tuprog’ini quchdi xolos,
    Mangu bo’lib,tirik bo’lib yashashi roast,
    Garchi aza ochib,to’rt yonini yig’sa dunyo
    So’zi tirik Halimalar o’lmas aslo!..
    Opaning ohiratlari obod bo’lsin!

  • фарогат айтди:

    ЖУДАЯМ ТАЪСИРЛИ, ДАРДЛИ СУХБАТ БУЛГАН ЭКАН КУЗ ЁШСИЗ УКИШ КИЙИН, УЛГУРИБ ХАЛИМА ХУДОЙБЕРДИЕВАНИ ШУНАКА АЖОЙИБ СУХБАТЛАРИНИ ОЛГАН КАРИМБЕРДИ АКАГА КАТТА РАХМАТ.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>

Китобларим
1-китоб. "Гунг қиз"
2-китоб. "Синфдошлари йўқ одам"
3-китоб "Худоёров йигитлари"
4-китоб. "Жийда гули"
5-китоб. "Дилхирож"
6-китоб. "Майда безори қария"
7-китоб. "Онам мени кутади"
8-китоб. "Кечиккан китоб"
9-китоб. "Кутилган китоб"
10-китоб. "Қадр кечаси"
Доимий ҳамкорларимиз