Ҳикмат излаганга ҳикмат бу дунё!

1.

Қишлоқни карнай овоДорбоззи тутди. Карнайнинг “Ғаға-ғағу”сига сурнай овози қўшилди. Уларга қўшноғоранинг “Така-тум”и жўр бўлганда жаласойликман деган сой бўйидаги майдонга йиғилиб бўлган эди.

− Э, қаддингдан кетай, қадрдонлар! − деди тўпланганларга Ўринбой дорбоз. − Сиз азизларга ота-боболаримиздан қолган дор томошаларини кўрсатайлик, деб Фарғонанинг Водилидан келдик. Бугун мана шу майдонга дор тикамиз. Йигирма кун шу ерда сиз қадрдонларга дор томошаларини кўрсатамиз. Бирор кун зерикдик десаларинг, дорни йиғиштирганимиз бўлсин! Полвонларимизнинг тош ўйинларини кўрасизлар. Кўзбойлаш ўйинларимизни кўрасизлар. Али масхара билан Вали тасқаранинг қизиқчилик ўйинларини кўрасизлар. Дорбозларга ёрдам берай, савоб олай деган йигитлар бўлса, бугун бизга ёрдам берсин, эрта пешиндан кейин томошаларимизни бошлаймиз!

Келган йигитларнинг деярли ҳаммаси қолишди. Ўринбой дорбознинг кўрсатмалари билан кечгача дорни тикиб бўлишди. Дор ўйналадиган майдонга қиринди тўшаб чиқишди. Дорбозлар, полвонлар кўрсатган мосламаларни айтилган жойларга ўрнатишди. Кечгача ҳамма ишни саранжомлашди.

“Қишлоққа дорбозлар кепти, хабар олиб қўяйлик!” деб бир неча савобталаблар овқат кўтариб келишди.

Кечқурун Иброҳим оқсоқол дорбозларни уйига бошлаб келди.

− Ҳовли катта, уй кўп, кўрпа-тўшак етади, − деди Иброҳим оқсоқол. − Хизматларингни ана, момоларинг қилади. Ўғлим Зиёдулла ҳам хизматларингда бўлади. Нима керак бўлса, тортинмай айтаверасизлар.

− Йигирма кишини боқишнинг ўзи бўлмайди, оқсоқол, уриниб қоласиз, − деди Ўринбой дорбоз. − Хўп десангиз икки-учга бўлинайлик! Сиздан бошқа ҳам уйларига таклиф қилганлар бор. Дорбозлар майлику-я, анави полвонларимиз анча хўра. Уларга кунига уч маҳал иссиқ овқат қилиб бериб, кампирингиз чарчаб қоладими, дейман-да.

− Худо хоҳласа, қийналиб қолмаймиз. Кампиримга қизи ёрдам беради. Катта бўлиб қолган, − деди Иброҳим оқсоқол кейин ўйланиб туриб, қўшиб қўйди: − Зиёдулланинг ўғли йўқ. Сизларга хизмат қилиб, дуоларингизни олсак, шунга ҳам бир ўғил бериб қолармикан, деган умидимиз ҳам бор.

− Ундай бўлса, ҳаммамиз сизларникида қоламиз, − деди Ўринбой дорбоз. − Ўғил қизларингиз хизматни қилаверсин, дуо қилиш биздан. Насиб бўлса, дорда туриб, элнинг дуосини олиб берамиз.

Эртаси куни пешиндан кейин яна карнай-сурнай овозлари халқни сой бўйига чорлади. Эл ёпирилиб келди. Ўринбой дорбоз ўртага чиқди.

− Э, қаддингдан кетай, қадрдонлар! Ота-бобомиздан қолган ўйинларни кўрсатайлик, деб келдик! Бир дуо беринглар, юзимиз ерга қараб қолмасин! Бирорта полвонимизга шикаст етмасин! Бирорта дорбозимизга дорда юрганида кўз тегмасин, суқ кирмасин! Соғ келдик, саломат кетайлик! Дорбозларимиз билан, полвонларимиз билан қўшилиб, қишлоғингизга қут-барака, бахт-саодат кириб келган бўлсин! Аллоҳу акбар!

− Аллоҳу акбар! − дуо қилди эл.

− Қаддингдан кетай, қадрдонлар, томошаларимизнинг аввалида полвонлик ўйинларини томоша қиласиз, − деган Ўринбой дорбоз даврага тош кўтарадиган полвонларни таклиф қилди.

Тош кўтарувчи полвонлар бирор соат томоша кўрсатди. Улар оғир тошларни бир-бирига коптокни ирғитгандек отишар, тишларида, елкаларида бир қанча тошларни кўтаришарди. Айниқса, Даврон полвон деган баҳайбат полвон икки елкасида ўн одамни кўтариб, “Андижон полкаси”га рақс тушганида уни ҳамма қарсак чалиб олқишлади. Яна шунча одам минган юк машинасини тиши билан тортиб юргизганида, Иброҳим оқсоқол миниб юрадиган қорабайир отни оқсоқол билан қўшиб елкасида кўтариб, даврани айланганида эса қойил қолмаган  одам қолмади.

Орада Али ва Вали масхарабозлар халқни кулдириб туришди.

− Қаддингдан кетай, қадрдонлар! Даврон полвон Водилдан келиб, шунча томоша кўрсатди, менгаям Худо ўғил берса, Даврон полвондай полвон бўлсин деган битта марддан ўнта сўм сўрадим! − деди ўртага белбоғини тўшаган Ўринбой дорбоз. − Қани, Даврон полвон, қараб туринг, кимлар даврангизни босиб келар экан?

Биринчи бўлиб, Зиёдулла белбоққа ўн сўм пул ташлаб, полвоннинг дуосини олди. Унинг орқасидан бир қанча йигитлар ўн сўмдан пул кўтариб чиқишди. Уларнинг ортидан кексаю ёшлар, ким беш сўм, ким уч сўм, ким бир сўмдан ташлаб кетаверди. Даврон полвон ҳар бир пул олиб чиққан кишининг ҳаққига дуо қилиб, юзига фотиҳа тортиб қўяверди. Даврага чиқадиганлар камайгач, Ўринбой дорбоз Даврон полвонга мурожаат қилди:

− Ўв, Даврон полвон! Даврада қанча ичидагини бировга айтмайдиган ориятли кишилар бор, даврага чиқишдан ҳаё қиладиган иболи опа-сингилларимиз бор. Ўнг томондан “Бисмиллоҳ” деб бир айланинг, уларнинг ҳам кўнгли қолмасин!

Даврон полвон даврани бир айланди. Қўлидаги белбоғ пулга тўлай деб қолди. Қўлини кўксига қўйиб, халққа таъзим қилиб, даврадан чиқди.

− Э, қаддингдан кетай, қадрдонлар! Ана энди ҳаммангиз интиқ бўлиб кутаётган дор ўйинларига навбатни берамиз, − деди Ўринбой дорбоз. − Ўғилларимиз дор ўйнайди. Аммо улар мен туриб, дорга чиқмайди. Шунинг учун ўзим бошлаб бераман. Мен дорнинг бу бошидан у бошига бир ўтиб бераман, холос. Қолганини фарзандларимиздан кўрасизлар.

Шундай дегани билан Ўринбой дорбоз анчагина томоша кўрсатди. Айниқса, елкасига ўғлини, унинг елкасига жажжи шогирдчасини кўтариб олиб, кўзи боғланган ҳолда дордан юриб ўтганида ҳамма нафасини ичига ютиб турди.

− Қаддингдан кетай, қадрдонлар, томошанинг зўрини ўғлимиз Улуғбек дорбоздан кўринглар! − деди чаққонлик билан дордан осилиб тушган Ўринбой дорбоз. − Қани, Улуғбек дорбоз, ҳунарингизни кўрсатинг, ўғлим!

Улуғбек дорбоз ҳам бир соатча томоша кўрсатди. Унинг текис йўлда юргандек дорда югуришлари, жимжилоқ йўғонлигича келмайдиган дор устида умболоқ ошишлари ҳаммани ҳайратга солди. Дорда велосипедни ғизиллатиб, олдинга, орқага ҳайдаганини кўрган айрим велосипедни кўчада ҳайдай олмайдиганлар ўзларидан уялиб кетишди.

− Улуғбек болам! − хитоб қилди Ўринбой дорбоз.

− Лаббай, дадажон! − жавоб қилди Улуғбек дорбоз.

− Бу қишлоқда бахтталаб, давлатталаблар бор экан, фарзандталаблар, ўғил фарзанд тилаб юрганлар бор экан, − деди Ўринбой дорбоз. − Дорнинг тепасида туриб, қўлингизни очинг, мен дуо қилай, сиз “Омин” деб туринг!

− Илоҳи омин! − деди Улуғбек дорбоз.

Ўринбой дорбоз бахтталабга бахт, давлатталабга давлат сўрайверди, Улуғбек дорбоз “Омин” деяверди.  Ўринбой дорбоз фарзандталабга фарзанд, ўғилталабга ўғил, қизталабга қиз сўрайверди, Улуғбек дорбоз “Омин” деяверди.

Узоқ дуо қилингач, Ўринбой дорбоз ўғлига пастга тушишни буюрди. “Хўп бўлади, дадажон!” деб Улуғбек дорбоз ўзини дордан боши билан ерга ташлаб юборганда аёлларнинг ҳаммаси, айрим асаби бўшроқ эркаклар ҳам “Дод!” деб юборишди. Улуғбек дорбоз бир арқонни ушлаб олганини, у ерга етиб келмасидан ўша арқонга осилиб қолишини улар қаёқдан билишсин?

− Улуғбек болам!

− Лаббай, дадажон!

− Худо менга ҳам ўғил берсин, мен ҳам юртга тўй берай деган битта марддан сизга ўнта сўм сўраб берай, сиз дуо қилиб туринг, ўғлим!

− Хўп бўлади, дадажон!

Яна Зиёдулла даврага биринчи бўлиб, ўн сўм пул билан чиқиб келди.

− Улуғбек болам, Зиёдулла акангизни дуо қилинг, ўғил тўйида келиб, дор ўйинларини кўрсатайлик!

− Илоҳи омин!

Зиёдулланинг орқасидан қатор бўлиб, жаласойликлар, ён-атрофдаги қишлоқлардан келган томошабинлар чиқиб келишди. Улуғбек дорбоз даврага чиқиб келганларга таъзим қилиб, дуо қилиб тураверди.

− Улуғбек болам, давра катта, одам кўп, даврангизга келолмай турган қадрдонлар бор, ўнг томондан “Бисмиллоҳ” деб бир айланинг, болам! “Полвон олдимизга келмади”, деб хафа бўлишмасин!

Улуғбек дорбоз давра айланди. Унинг ҳам белбоғи пулга тўлди.

− Дорбоз бобо, биз ҳам дорга чиқсак, бизга ҳам халқдан ўн сўм сўраб берасизми? − дейишди масхарабозлар.

− Дорга чиқиб, бу тарафидан у тарафига ўтсаларинг бас, ҳар биттангга ўн сўмдан пулни элдан сўраб бераман.

Булар ҳазиллашаяпти, деб турган халқ улар чаққонлик билан дорга чиқиб кетганларини кўриб, лол бўлишди. Дорда ҳам роса масхарабозлик қилган Али билан Валининг яхшигина дорбоз ҳам эканликлари аён бўлди. Охирида бир тунука тоғорага тушиб олиб, унда халқнинг олдигача сирпаниб тушишганда қарсакларга кўмилиб кетишди. Ўринбой дорбоз сўрамасдан туриб, бир неча киши ўн сўмдан олиб келиб, масхарабозларга тутқазишди.

− Бўлмади, бизларники кам бўлди, бизлар ҳам давра айланмиз, − деган масхарабозлар одамларга, болаларга ҳазил-ҳузил қилишиб, анчагина пул йиғиб олишди.

− Э, қаддингдан кетай, қадрдонлар! Бугунги томошаларимизни шу ерда тугатамиз, − деди Ўринбой дорбоз. − Эшитмай қолган биродарларингизга ҳам эшиттиринг, эртага ҳам пешиндан кейин кечгача томоша кўрсатамиз! Ҳали бу чигил ёзди машқларимиз эди. Эртага ҳали кўрсатмаган томошаларимизни кўрсатамиз!

 

2.

Ай, қиз бола бировга кўнгил бермасин-да! Кўнгил берса, билдирмай қўймайди.

Дорбозларнинг кийимларини ювиб берган Иброҳим оқсоқолнинг қизи Зарнигор Улуғбек дорбознинг кийимларини алоҳида меҳр билан ювганини Улуғбек дорбоз қандай билмасин? Билмаганга олайин деса, кўйлагининг кўкрак чўнтагига солиб қўйилган райҳонни кўрмадим деса, димоғига урилган ҳидини қандайин сезмадим десин? Димоқни ёраман, дейди.

− Бугун дордан йиқилиб тушаёздим, − деди секингина Улуғбек дорбоз овқат сузиб бераётган Зарнигорга.

− Вой, нега? − кўзлари каттариб кетди Зарнигорнинг.

− Райҳоннинг ҳидидан бошим айланиб, йиқилиб тушаёздим.

Капгирни қозонга ташлаб, қочиб кетди, Зарнигор.

Эртасига ҳам кўринмади, Зарнигор. Овқатни унинг онаси сузиб берди.

Кейинги куни дорбозларга ширчой сузаётган Зарнигор Улуғбек дорбозгина эшитадиган овозда пичирлади:

− Райҳоннинг ҳидини ёқтирмасмидингиз?

− Ҳа, − деди Улуғбек дорбоз ундан ҳам паст овозда. − Энди кўкрак чўнтагимда райҳон бўлмаса, дорга чиқолмай қолдим.

Юзлари ловуллаб, қип-қизил бўлган Зарнигор яна қочиб кетди. Зарнигор ўша куни дорбозларнинг ўйинларини томоша қилгани ҳам бормади.

Зарнигор кечаси борди.

Ўша кечаси Улуғбек дорбоз дорга чиқди. Ойнинг ёруғида Улуғбек дорбоз дор ўйнади.

Дорнинг ўртасида туриб, Зарнигорга шарт қўйди:

− Ё сиз билан кетаман, деб қасам ичасан ё ўзимни бошим билан дордан ташлайман!

Улуғбекнинг икки қўлини ҳам кўтариб, пастга ўзини ташлашга шай турганини кўрган Зарнигорнинг эси чиқиб кетай деди.

− Қўрқитманг мени! Пастга тушинг! Отамдан сўранг, отамнинг айтгани бўлади!

− Отангдан албатта отам сўрайди, − деди Улуғбек дорбоз. − Сен менга ваъда бер!

− Хўп, туша қолинг, битта-яримта кўриб қолса, нима дейди?

− Сиз билан кетаман, де! Учгача санайман, бир, …

− Хўп, сиз билан кетаман, бўлдими? Энди туша қолинг!

Ана шунда сўнг ҳар куни икки марта дорга чиқадиган бўлди, Улуғбек дорбоз. Кундузи халқ учун, кечаси Зарнигор учун.

 

3.

− Э, бу бўлмайдиган иш, − деди Иброҳим оқсоқол. − Дорбозларни мен ҳурмат қиламан, аммо уруғимизда бирон киши дорбозлар билан қиз олиб, қиз беришмаган.

− Сиз бошлаб берасиз-да, оқсоқол, − деб кулди Ўринбой дорбоз.

− Эл-улус нима дейди ҳали? − соқолини қашлади Иброҳим оқсоқол. − Уйида икки ҳафта дорбозларни сақлаб, қизини берибди, демайдими? Йўқ, бўлмайди, майда-чуйда гап кўпаяди. Оқсоқол деган отим бор, шаънимизга тўғри келмайди.

− Бизнинг ҳам шаънни ерга урманг-да, энди! Ўғлимни не-не уста дорбозлар куёв қилиш орзусида юрувди. Шу қизингизга кўнгил қўйибди, йўқ деёлмадим-да, оқсоқол, − деди Ўринбой дорбоз. − Элингиз нима дейишини эртага ўзидан сўраймиз.

Ўринбой дорбоз эртасига дорнинг тепасида ўғли дор ўйнаб турганида элга хитоб қилди:

− Э, қаддингдан кетай, қадрдонлар! Водилдай дор ўйнаймиз деб келган эдик. Бировнинг хасмига кўз соламиз, деб келмаган эдик. Аммо ана шу, сиз дорда кўриб турган ўғлим, Улуғбек дорбоз Иброҳим оқсоқолнинг қизига кўнгил қўйибди. Иброҳим оқсоқолдан қизини келинликка сўрадим. Эл нима дейди, деб андиша қилди. Эй, қадрдонлар, сизлар нима дейсизлар? Бир-бирига кўнгил қўйган икки ёш бахтли бўлсинми ёки бир мард дорбоз йигит қишлоғингиздан кўксини чангаллаб кетсинми?

− Бахтли бўлсин! Бахтли бўлсин! − ҳайқирди оломон.

− Иброҳим оқсоқол! Эл нима дейди, дегандингиз, ана, нима деганини эшитдингиз. Энди ёшларга оқ фотиҳа беринг!

Иброҳим оқсоқол соқолини қашлаб тураверди.

− Энди битта сирни айтай, − деди Ўринбой дорбоз. − Улуғбек дорбоз бугун отаси оқ фотиҳа бермаса, дордан ўзимни ташлаб юбораман, деб дорга чиққан.

− Фотиҳа беринг! Хўп денг, энди, оқсоқол! − ҳайқирди одамлар.

− Хўп, хўп дедим-ку, нимага бунча бақирасизлар? − деди Иброҳим оқсоқол.

Ҳамма қарсак чалиб юборди.

Эртасига халққа ош берилди. Ёшларнинг никоҳи ўқилди.

Зарнигор ваъдасида турди, Улуғбек дорбоз билан бирга Водилга кетди.

 

4.

Зарнигор хорлик кўрмади. Рўзғорида ками бўлмади. Ҳеч қачон бир нимага зориқмади. Дорбозларнинг ризқи халқнинг устига сочилган экан. Халқ омон бўлса, дорбозлар камбағалликни билишмас экан. Зарнигорнинг уй-жойи яхши эди. Тўйдан кейиноқ Улуғбек машина олди. Зарнигор ёлғондан “Ота-онамни соғиндим”, деса ҳам уни миндириб, қишлоғига олиб келар, баъзан бирор ҳафтага ташлаб ҳам кетар эди.

Ҳаммаси яхши эди. Фақат улар фарзандли бўлмаётган эдилар. Аммо Зарнигорни бундан ҳам кўпроқ қийнайдиган нарса бошқа нарса. Зарнигор бир нарсадан қўрқар эди. Ҳар гал эри бирор вилоятгами, бирор тўй-томошагами кетса, то у келгунича юрагини ҳовучлаб ўтиради. Зарнигор эрининг дордан йиқилиб тушишидан қўрқади.

Улуғбек икки марта нақд ажалнинг оғзидан қайтди. Бир гал Водилнинг ўзида томоша кўрсатаётганида, Зарнигорнинг кўз ўнгида, дорда чирпирак бўлиб айланаётганида оёғига боғланган чилвир узилиб кетиб, Улуғбек шитоб билан келиб, ерга урилди. Синмаган жой қолмаган Улуғбек дорбоз бир ойдан кейин кўзини очган, олти ойдан кейин ўрнидан турган эди. Аммо кейинги йилдан яна дорга чиқиб кетган эди.

Бошқа сафар Сурхандарёга томоша кўрсатгани кетган дорбозлар Улуғбек дорбозни беҳуш ҳолда уйга олиб келишди. Улуғбек дорбознинг бу гал ҳеч ери синмаган бўлса-да, ҳуши ўзида эмас эди. У хотирасини йўқотган эди. У то ўзига келгунча Зарнигор бир дақиқа ҳам унда ажралмади. Шундан кейин дорга чиқмайсиз, деб шарт қўйди, аммо Улуғбек дорбоз билганидан қолмади.

− Уни қайтара олмайсиз, − деди Ўринбой дорбоз. − Дорбозлик бизга бобомерос. Бизлар дорда ўламиз, бошқа йўл йўқ.

Зарнигор етти йил деганда ўғил кўрди. Исмини Умиджон қўйдилар. Улуғбек дорбоз бошқача бўлиб қолди. Энди у бирор жойда узоқ қолмас, узоққа кетса ҳам, уч кундан ўтказмай, машинани ўйинчоқ, кийим-кечакларга тўлдириб етиб келарди.

Умиджон бир ёшга тўлганида  суннат тўйини қилишди. Тўйга келган Иброҳим оқсоқолнинг олдида Зарнигор эрига ялинди:

− Дадаси, ота-онамнинг олдида ваъда беринг, тилаб-тилаб олган Умиджонимни дорга олиб чиқмайман, денг!

− Мен бундай ваъда беролмайман, − деди Улуғбек дорбоз. − Бу ҳунар бизга боболаримиздан мерос. Бобомдан отамга, отамдан менга ўтиб келди бу ҳунар. Отамни отаси икки ёшда дорга олиб чиққан, отам мени икки ёшда дорга олиб чиқди. Насиб бўлса, ўғлинг икки ёшга тўлган куни уни дорда кўрасан.

− Ўғлимни дорга олиб чиқсангиз, мени Жаласойда кўрасиз, отам гувоҳ бўлсин шу қасамимга!

− Ундай дема, хотин, ундай дема, фаришталар омин дейди, ундай дема! − деди Улуғбек дорбоз. − Сени яхши кўриб олганман, биласан, аммо сендан кечсам ҳам дордан кечмайман! Бир эмас, ўн ўғлим бўлса, ўновини ҳам дорга чиқараман!

 

5.

Умиджон иккига тўлган кунни Зарнигор қанчалик хавотир билан кутган бўлса, Улуғбек дорбоз шунчалик интиқлик билан кутди. Бировларнинг боласи икки ёшда юришни эплай олмайди, Умиджон эса дарахтларнинг шохида юради. Газнинг қувурими, сувнинг қувурими, токларнинг сўрисими, хуллас, устига чиқиш мумкин бўлган нарса борки, шунинг устида юради Умиджон. Ҳаммаси майли, аяси кир ёядиган арқонга ёпишади. Шунинг ҳам устида юраман, дейди.

Умиджон иккига тўлган куни Улуғбек дорбоз халққа ош берди, ўғлининг шарафига дор тикди. Анъанага кўра, аввал Ўринбой дорбоз дорга чиқди. Кейин Улуғбек дорбоз ўйин кўрсатди. Ана шундан кейин Ўринбой дорбоз невараси Умиджонни дор устига олиб чиқиб, Улуғбек дорбознинг елкасига миндириб қўйиб, дордан тушди.

− Э, қаддингдан кетай, қадрдонлар, энди Ўринбой дорбоз дорга чиқмайди, − деди Ўринбой дорбоз. − Отам билан қанча йил томоша кўрсатдим. Ўғлим билан қанча йил томоша кўрсатдим. Энди ота-бола дор ўйинларини Улуғбек дорбоз билан Умиджон дорбозлар давом эттиришади. Қани, Умиджон дорбознинг ҳақига бир дуо қилинглар!

Эл дуога қўл очди. Ўринбой дорбоз сўрайверди, эл “Омин!” деб турди. Халқ Умиджонга фотиҳа берди.

Кейинги куни Зарнигор ҳам айтганини қилди. Умиджонни кўтариб, хайру-хўшни насия қилиб, отасиникига жўнаб кетди.

Улуғбек дорбоз хотинининг ортидан беш келди, ўн келди, хотини шартини ўзгартирмади:

− Умиджонни дорга чиқармайман, деб қасам ичсангиз, бораман!

Улуғбек дорбоз қасам ичмади, бошқа хотин олди.

Аччиқ устида Зарнигор ҳам хотини ўлган Дўнгсойлик Эшназар муаллимга тегиб кетди.

− Менга фарқи йўқ, Умиджонимни дорга чиқармаса бўлгани.

Эшназар муаллим дор деган нарсани яхши кўрмади. Дорбозларнинг томошасига бир бормади.

 

6.

Эшназар муаллим дорбозларнинг ўйинига олиб бормагани билан, Зарнигор ўғлини дор ўйинларининг яқинига йўлатмагани билан Умиджон томдан-томга сакраб катта бўлди. Дарахтдан дарахтга сакраб катта бўлди. Умиджонни тенгқурлари Умиджон демади, уни ҳамма “Тарзан” деди. Умиджон Тарзан бўлиб катта бўлди. Зарнигор қанча тақиқламасин, қаерда таранг тортилган симними, арқонними кўрса, ўшанинг устидан юриб ўтди, Умиджон.

Умиджон матабни битирадиган йили унинг ҳунари икки кишини нақд ўлимдан олиб қолди. Ўша йили баҳорда ёғингарчилик кўп бўлди. Сойлар тўлиб-тошиб оқди. Жаласой билан Дўнгсойни боғлайдиган тахта кўприк учга бўлиниб кетиб, иккала қирғоққа боғланган қисмини сув оқизиб кетиб, ўрта қисмида невараси билан кўприкдан ўтаётган Санобар момо симга осилиб қолди. Икки қирғоқда тўпланиб қолган одамлар шовқин солишиб, бақир-чақир қилишар, аммо кампирни қутқариш учун бирор киши унинг олдига боролмас эди. Сув эса тобора кўтарилиб борар, шу зайлда давом этса, кўп ўтмай, кампирни ҳам, неварасини ҳам су оқизиб кетиши аниқ эди.

Шу пайтда мактабдан келаётган Умиджон бу ҳолни кўриб, иккиланмасдан кўприк осилган симнинг устидан чаққонлик билан юриб бориб, аввал Санобар момонинг неварасини олиб келди. Кейин бир амаллаб Санобар момони ҳам кўтариб, қирғоққа олиб чиқди. Тўпланган икки қишлоқнинг одамлари Умиджонни тузук-қуруқ мақташга улгурмай, сув кўприкнинг қолган қисмини ҳам шиддат билан оқизиб кетди.

 

7.

Умиджон мактабни битирди. “Қайси ўқишга топширсам экан?” деган ўй билан шаҳарга тушган эди, боғда кўп одамлар тўпланиб турганини кўриб, беихтиёр шу томонга йўл олди. Қараса, дорбозлар томоша кўрсатишаяпти экан. Уларнинг ўйинларига қизиқиб, аста-секин дорнинг остигача бориб қолганини ўзи ҳам билмай қолди.

− Ҳа, ука, сен ҳам дорга чиқмоқчимисан дейман, − унинг устидан кулди бир масхарабоз.

− Ҳа, нима, ўйнасам ўйнайвераман, − деди Умиджон.

− Ҳей, қара, манави бола дорга чиқаман, деяпти, − деди масхарабоз шеригига.

− Дорга чиқармиш, дейсанми? − деди шериги кулиб. − Тепага чиқса, иштонини ҳўл қилиб қўймасмикан?

− Чиқаман, ўша дорларингга! − деди Умиджон. − Анави дорбозларинг юрган дордан мен кўзимни боғлаб юраман.

− Салгина катта гапирвормадингми, ука? − деди масхарабоз.

− Ўша йигитчани чиқарворинглар, − деб арқон нарвонни ташлади дорбоз.

Умиджон чаққонлик билан дорга чиқди. Дорбоз унга хавфсизлик камарини тақиб қўймоқчи эди, Умиджон силтаб ташлади:

− Мен ёш бола эмасман, кўзимни боғланг!

− Олдин кўзингни боғламасдан бир дорнинг нариги бошига бориб кел-чи, кўзингни боғлашга улгурамиз, − деди дорбоз.

− Гап йўқ, − деди Умиджон менсимасдан ва дорни бир-икки босиб кўргач, худди боғда сайр қилиб юргандек, бемалол дорнинг нариги бошига бориб келди.

− Зўрсан-ку? Олдин ҳам дорга чиққан экансан-а? − деди дорбоз. − Отинг нима?

− Умримда дорни энди кўришим, − деди Умиджон. − Отимни нима қиласиз? Кўзимни боғланг!

− Беҳазилми? − ажабланди дорбоз ва ишониб-ишонмай, Умиджоннинг кўзига қора рўмол боғлади.

Умиджон кўзи боғланган ҳолда ҳам бемалол дорнинг нариги бошига бориб келди. Халқ уни роса олқишлади.

− Яна бирор ҳунаринг борми? − сўради дорбоз.

− Йўқ, − деди Умиджон елка қисиб. − Симларнинг устида юраман, холос. Яна нима қилиш мумкинлигини билмайман.

− Билмасанг, пастга туш-да, қараб тур!

Умиджон ўша куни кечгача дор ўйинларини томоша қилди. Дорбозларнинг кўп ўйинлари содда эканлигига, озроқ машқ қилса, ўзи ҳам уларни бемалол қила олишига ишонч ҳосил қилди.

− Эртага ҳам кел, бир-иккита нарса ўргатаман! − деди дорбоз.

− Албатта келаман! − деди Умиджон.

Ўша куни уйга бир олам таассурот билан келган Умиджон кўрганларини онасига айтиб, балога қолди.

− Ўғлим, менга ваъда бер, − деди Зарнигор. − “Иккинчи у ерга бормайман!” де!

− Нега? − ҳайрон бўлди Умиджон. − Бунинг нимаси ёмон? Эртага келаман, деб дорбоз амакига ваъда бериб келдим. Мен ваъдамга хиёнат қилолмайман.

− Исми нима экан ўша дорбоз амакингнинг? − сўради Зарнигор.

− Исмини сўрамабман, − ажабланди Умиджон. − Менинг исмимни у киши сўраган эди, мен ҳам айтмабман.

− Майли, ваъда берган бўлсанг ҳам бормайсан. Мен сени дорга яқин боришингни ҳам хоҳламайман, билдингми?

− Билдим, аяжон, билдим, − деди Умиджон. − Хафа бўлманг, мени кечиринг!

Эртасига ўртоқларидан суриштирган Зарнигор ўғли яна шаҳарга тушганини эшитди-ю, ичидан бир томири “ширт” этиб узилгандек бўлди.

Ўша куни Умиджон биринчи марта уйга келмади. У билан бирга шаҳарга борган Алишер Зарнигор қўрқув билан кутган гапни айтди:

− Умиджон дорбозлар билан бирга кетиб қолди.

Эрталаб Эшназар муаллим билан шаҳарга етиб борган Зарнигор одамлардан суриштириб, дорбозлар томоша кўрсатган боғни топиб борди. Аммо дор йиғиштириб олинган, дорбозлар жўнаб кетишган эди.

Эшназар муаллим боғ директорига учрашди.

− Дорбозлар қаерлик эдилар? − сўради ундан Эшназар муаллим.

− Фарғоналиклар эди, − деди боғ директори. − Водил деган жойдан.

− Дорбозларининг каттасининг исмини биласазми? − овози зўрға чиқди Зарнигорнинг.

− Ҳа, ҳужжатлари ҳам бор, − деб боғ директори қоғозларни титкилай кетди. − Улар ҳар йили боғимизга келишади. У машҳур дорбозлар сулоласидан. Исми шарифиниям яхши биламан. Исми Улуғбек дорбоз. Улуғбек Ўринбоев.

Тамом

 

 

 

 

 

 

3 Изоҳ: Дорбоз

  • Мухаммад айтди:

    Болалигим пошшолигим деб бекорга айтишмаган кадимгилар(тавба худди кариб колгандай ёзишимничи)!!!
    Уша гузал даврларга кайтиб колсайдим….
    Катта рахмат!!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>

Китобларим
1-китоб. "Гунг қиз"
2-китоб. "Синфдошлари йўқ одам"
3-китоб "Худоёров йигитлари"
4-китоб. "Жийда гули"
5-китоб. "Дилхирож"
6-китоб. "Майда безори қария"
7-китоб. "Онам мени кутади"
8-китоб. "Кечиккан китоб"
9-китоб. "Кутилган китоб"
10-китоб. "Қадр кечаси"
Доимий ҳамкорларимиз